Термиздаги қувончли воқеа

10

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз гарнизонида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни олдидан 30 хонадонга мўлжалланган 5 қаватли янги уйлар ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди. Бу албатта, юртни ҳимоя қилишдек шарафли ва масъулиятли касбни танлаган ҳарбий хизматчилар учун муносиб байрам совғаси бўлди.
Хонадонларни ўз эгаларига топшириш маросимида ҳарбий округ қўмондонининг ўринбосари полковник Қодиржон Турсунов, Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Аҳмад Сувонқулов, Термиз ҳарбий прокурори ўринбосари адлия подполковниги Сардор Ёрматов, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Полковник Қодиржон Турсуунов ўз нутқида мамлакатимизда ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланганини таъкидлаб, ҳарбий соҳага бўлаётган эътибор туфайли ҳарбий қисм ва муассасалар, дала ўқув майдонлари инфратузилмасини такомиллаштириш, юрт ҳимоясидек масъулиятли касб эгалари ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳарбий пенсионерларнинг ижтимоий муҳофазаси каби масалаларга чуқур эътибор қаратилганини этироф этди. Сурхондарё вилояти ҳарбий-маъмурий сектори билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг кўламдаги ишларга алоҳида урғу берди.

Янги хонадон билан таъминланган I даражали сержант Шокир Кўчаров сўзга чиқиб, “Бугун оиламиз барча аъзолари қувончи чексиз. Чунки мен барча қулайликларга эга бўлган 3 хонали уйни қабул қилиб олдим. Бу ердаги шарт-шароитга кишининг ҳаваси келади. Муносиб ҳаёт кечириш учун зарур бўлган барча нарса мухайё” – дея таъкидлаб ўтди.
Тадбир сўнгида мазкур уй-жойларни барча қулайликлар ва шароитларни яратиб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларига топширишга тайёрлаб берганлиги учун “Фаровон инвест ” МЧЖ қурилиш ташкилотининг бир қатор вакилларига ташаккурнома ва эсдалик совғалар берилди.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони