Сиз доимо эътибордасиз

9

Ушбу шиор остида Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Тошкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисми бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари пойтахтимизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари хонадонига ташриф буюрдилар.
Юрт ҳимоячилари фахрийларни яқинлашиб келаётган байрам билан муборакбод этиб, бу ёруғ кунларга етишда уларнинг ҳиссаси катта эканини таъкидладилар. Ўз навбатида фарзандлари-ю, набиралари ардоғида умргузаронлик қилаётган фахрийлар ҳам издошлари ташрифидан бениҳоят мамнун бўлдилар.

Карманалик ҳарбийлар ҳам тумандаги жангчи фахрийлар кенгаши раиси Улуғбек Мусаев, фахрий отахонлар Шерали Қурбонов ва Норқул Усмонов, шунингдек Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шойим Шерназар иштирокида “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида учрашув ташкил қилдилар. Фахрийларнинг бой ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашуви, ҳаётий ҳикоялари юрт ўғлонларида катта таассурот қолдирди.
Тадбир давомида муддатли ҳарбий хизматчилар икки гуруҳга бўлиниб, “Зукко аскар” интеллектуал ўйинида ўз билимларини синовдан ўтказдилар. Беллашув якунида ғолиблар Фахрий ёрлиқ ва китоблар билан тақдирланди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати