Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирлиги қўшинларида “Ободонлаштириш ва шахсий таркиб учун қулай шарт-шароитларни яратиш ойлиги” эълон қилинди

555
Foto: Mudofaa vazirligi Matbuot xizmati

Мудофаа вазирининг буйруғига мувофиқ жорий йилнинг 1 мартдан 1 апрель кунига қадар Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида “Ободонлаштириш ва шахсий таркиб учун қулай шарт-шароитларни яратиш ойлиги” ўтказилади.

Foto: Mudofaa vazirligi Matbuot xizmati

“Менинг ҳарбий қисмим – менинг фахрим”, “Менинг уйим – менинг юзим” шиорлари остида ўтказилаётган ушбу хашар тадбирларида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари яшаётган ҳудудлар, кўчалар, кўп қаватли уйларга кириш йўлаклари, ариқларни тозалаш, болалар майдончаларини тартибга келтириш, гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахтлар экиш, уларни оқлаш ҳамда буташ каби ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Ободонлаштириш ойлиги давомида ҳарбий хизматчиларни кундалик хизмат фаолиятини ўташда қулай шарт-шароитлар яратиш, умумий фойдаланиш хоналарини тартибга келтириш, бирламчи санитария ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ободонлаштириш ойлиги давомида, хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг қабрларини тартибга келтириш, ёрдамга муҳтож кексалар, нафақахўрлар ва ногиронлар ҳамда улар оилаларининг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш, ҳарбий қисм ва муассасалар яқинида жойлашган маҳаллаларни ободонлаштириш каби ишлар кўзда тутилган.