Каттақўрғонда ҳарбий хизматчилар савоб ишга қўл уришди

2

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб кенг ёйилмоқда. Хусусан, улуғ айёмлар арафасида хайр-саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш халқимизда одат тусига айланган.

Пандемия билан боғлиқ синовли кунларга тўғри келган бу йилги Ийди Қурбон айёми арафасида ҳам карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда мамлакатимиз бўйлаб ана шундай меҳр-оқибатга йўғрилган хайрли ишлар давом этмоқда.

Жумладан, Марказий ҳарбий округнинг Каттақўрғон гарнизони ҳарбий хизматчилари Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ҳудудда яшовчи кам таъминланган, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалар ҳамда “Темир дафтар” киритилган аёллардан иборат жами 40 дан ортиқ юртдошларимизга эътибор кўрсатиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда маиший буюмлар тарқатилди.

Юрт ўғлонлари кириб борган ҳар бир хонадон эгалари кўрсатилган бу мурувват ва ғамхўрлик учун бениҳоя мамнун эканлигини изҳор этишди. Шу қаторида, юртга тинчлик, элга омонлик, синовли кунларнинг тезроқ аришини тилаб қўлларини дуога очишди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати