Коррупция – зарарли иллат

3

Хозирги кундаги глобал муаммолардан бири саналаётган коррупция инсон ва жамият ҳаётидаги энг зарарли иллатлардан бири саналади. Хусусан, Мудофаа ишлар бошқарма ва бўлимларидан чақирув мавсумида саралашдан ўтолмаган ёшларни яқинлари томонидан кейинги мавсумда хизматга юборишга замин яратиш учун йўл қидириш ҳолатлари кўп учрайди ва бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар инсонни ана шундай салбий иллат гирдобига тортиши мумкин.

Шу боисдан Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан округ тасарруфидаги барча Мудофаа ишлар бошқарма ва бўлимларида ҳуқубузарликлар ва жиноятчиликларнинг олдини олиш мақсадида мазкур иллатга қарши кураш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилиб, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш учун ишчи гуруҳлари тузилди.

Жумладан, профилактик тадбирлардан бири Самарқанд вилояти ва шаҳар Мудофаа ишлар бошқарма ҳамда бўлими ҳарбий хизматчилари ҳамда Қуролли Кучлар хизматчилари билан “Коррупция- миллий-маънавий хавфсизликка таҳдид” мавзусида ўтказилди.

Унда сўз олганлар коррупция – таъмагирликнинг юқори нуқтаси ва осойишталикка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят эканлиги ҳамда бу иллатга қарши курашишда тегишли органларнинггина эмас, барчанинг масъуллигини ошириш лозимлиги ҳақида сўз юритишди.

– Энг аввало, коррупцияга қарши курашишни оиладан бошлаш даркор. Идора ва ташкилотда фаолият юритувчи ходимлар ҳам бир оиладир, – дейди ҳарбий округ ташкилий-сафарбарлик бошқармаси бошлиғи подполковник Миродил Азимов. – Агарда ўғирлик ёки пора ҳисобига келган луқманинг таг-илдизини ҳамкасблари суриштириб билса, очиқ фикрини айтолса, бу йўлга кирмоқчи бўлган инсон ҳалол ризқни излашга тушиб, иши ва оиласида файз-барака, сокинлик ҳамда хотиржамлик қарор топиши, шубҳасиз.

Тадбир якунида коррупция билан боғлиқ жиноятлар хусусида мисоллар келтириб, унга тайинланадиган жазо турлари ва салбий оқибатлари тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати