Саодатга элтувчи билим

2

Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида туркий халқлар адабиётининг йирик намоёндаси, атоқли шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Юсуф Хос Ҳожиб таваллудининг 1000 йиллигини кенг нишонлаш ва мутафаккирнинг бой маънавий меросини янада оммалаштириш мақсадида илмий-маърифий конференция бўлиб ўтди.
Унда кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбий институт жамоаси, Республика Ҳарбий прокуратураси ходимлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда курсантлар иштирок этди. Тадбирда сўз олган курсантлар ўз тенгдошларига адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида мультимедиали тақдимотлар орқали маълумотлар берди.
– Ҳозирги кунда республикамизнинг турли ҳудудларида мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар ўтказилмоқда. Бугун биз ҳам Юсуф Хос Ҳожиб таваллудининг 1000 йиллигини нишонлаш ҳамда буюк мутафаккир томонидан битилган «Қутадғу билиг» асарининг мазмун-моҳиятини курсантларга етказиш мақсадида мазкур конференцияни ташкиллаштирдик, – дейди муассаса бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Файзулла Шерматов. – Асар XI асрда ёзилган бўлса-да, ҳалигача ўзининг моҳияти ва долзарблигини йўқотмаган. Бунга сабаб Юсуф Хос Ҳожиб қадим турк ёзма адабиёти, туркий халқлар оғзаки ижодини яхши ўзлаштирган, улар муҳитида тарбия олган. Шоир туркий элатларнинг қадимий қўшнилари хитой, мўғил, ҳинд, эрон халқлари маданияти, юнон фалсафаси ва бошқа ўша давр маънавий ҳаётининг турли томонлари ҳақида мукаммал билим эгаси бўлган.

– Илмий-маърифий конференцияга тайёргарлик жараёнида ўзим учун жуда кўплаб маълумотлар тўплашга муяссар бўлдим. Аслида мен ўрганган ва тўплаган адабиётлардаги маълумотларнинг янгилиги аллақачонлар олимлар ва адабиётшунослар томонидан топилган. Аммо мен ўзим ва тенгдошларим учун уларни қайта кашф этдим, – дейди 4-босқич курсанти Арслонбек Файзуллаев. – Мана шундай тадбирларнинг тез-тез ўтказилиб туриши, албатта, бугунги авлоднинг ўз аждодларига бўлган юксак ҳурмати ҳамдир.
«Қутадғу билиг» XI асрда қорахонийлар даврининг ижтимоий ҳаёти ҳақида кенг маълумот берувчи асардир. Унда Юсуф Хос Ҳожиб шаҳар ва қишлоқ халқини, ўтроқ ва кўчманчи аҳолини ижтимоий табақаларга ажратади. Деҳқонлар, ҳунармандлар, чорвадорлар, савдогарлар, олимлар, элчилар, қўшин бошлиқлари, мунажжимлар, туш таъбир қилувчилар, табиблар ва бошқалар ҳақида сўзлаб, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва роли ҳамда ўзаро алоқаларини баён этади.
Юсуф Хос Ҳожиб XI асрнинг донишманди, илм-маърифатнинг жарчиси ҳамда ҳомийсидир. У илм-маърифатга саодатнинг калити деб қарайди, шунинг учун ҳам ўз достонини «Қутадғу билиг», яъни «Саодатга элтувчи билим» деб атайди.
Илмий-маърифий конференция бугунги кун ёшларини ҳам ана шундай саодатга элтиш йўлидаги ҳаракатлари билан аҳамиятлидир.

Шерзод ШАРИПОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти