Ҳарбий техникаларни вагонларга юклаш бўйича кўргазмали машғулот

2

Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида Самарқанд темир йўл бекати, шохобчаси ва аэропорти ҳарбий ҳаракатлар таркибий бўлими томонидан Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари иштирокида ҳарбий техника ва ҳарбий юкларни темир йўл ҳаракатчан таркиби (вагон)га юклаш-тушириш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Унда дастлаб қўшинларни бир нуқтадан иккинчи нуқтага кўчириб ўтказиш, ҳарбий техника ва юкларни ташиш учун фойдаланиладиган темир йўл вагонларига ишончли ва мустаҳкам жойлаштириш, сақлаш ва олиб юриш борасида зарур бўладиган анжомлар хусусида тушунтиришлар бериб ўтилди.
Шундан сўнг олинган назарий билимларни мустаҳкамлаш мақсадида занжирли ва ғилдиракли бўлган зирҳли техникаларни ҳамда автомобилларни платформалар орқали вагонларга юклаш-тушириш ишлари бошланди.

Шунингдек, ҳарбий техникалар силжиб кетишининг олдини олиш мақсадида белгиланган тартибда мустаҳкамлаш, техникаларни ташишда ниқоблаш ишларини ташкил этиш каби машғулотлар ўтказилди.
Машғулотнинг аҳамиятли жиҳати шунда бўлдики, амалий машғулотларни ёш ҳарбий хизматчилар илк маротаба шахсан ўзлари бажариб, тушунча ва кўникма ҳосил қилишди.
Машғулотлар давомида ҳарбий техника ва юкларни ташиш жараёнида тайинланадиган қоровул шахсий таркибининг мажбуриятлари, турли хил вазиятлардаги ҳаракатлари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш бўйича тушунчалар кўргазмали тарзда етказиб ўтилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати