Тожикистонлик меҳмонлар алоқа ҳарбий институтида бўлди

67

Республикамизга амалий ташриф билан келган Тожикистон Республикасининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал-лейтенант Раҳмонали Сафарализода бошчилигидаги ҳарбий делегация Мудофаа вазирлиги ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида бўлишди.

Дастлаб меҳмонлар Мудофаа вазирлиги тизимида янги ташкил этилган алоқа ҳарбий институтининг имкониятлари, курсантларнинг таълим жараёнлари, уларнинг таҳсил олишлари учун яратилган шарт-шароитлар, замонавий ётоқхона ва ўқув синфлари, илмий тадқиқотлар лабораториялари билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг меҳмонлар ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш учун томонлар икки давлат ҳукумат вакиллари ҳамда мудофаа вазирлари томонидан ҳарбий кадрларни тайёрлаш соҳасига оид имзоланган келишувлар ижросини таъминлаш борасида ўзаро фикр алмашдилар.

Учрашув чоғида Тожикистон ҳарбий делегацияси Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги билан олиб борилаётган ҳамкорликни алоҳида эътироф этди ва алоқа ҳарбий институти меҳмонларининг ташриф китобига ўз таассуротлари, фикр-мулоҳазалари ва тилакларини ёзиб қолдирди.

Майор Шерқўзи ҲАКИМОВ