Ҳарбий психологлар иштирокида ўқув-услубий йиғин ўтказилмоқда

53

Ватан сарҳадларини ҳимоя қилишда ҳарбий хизматчидан ҳам жисмоний, ҳам руҳий тайёргарлик талаб этилади. Руҳий тайёргарлик бўлмаса, жисмоний тайёргарликдан натижа чиқмаслиги мумкин. Шундай экан, Мудофаа вазирлиги тизимида руҳий тайёргарлик учун масъул бўлган ҳарбий психологларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, янгиланиб бораётган касбга оид методикалардан бохабар қилиш мақсадида улар учун 3 кунга мўлжалланган ўқув-услубий йиғини бошланди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида ташкиллаштирилган ўқув-семинарда юксак тажрибага эга бўлган офицерлар, амалиётчи психологлар ҳамда вазирлик масъуллари иштирок этмоқда.

Ҳозирги шиддат билан ривожланиб бораётган ахборот асрида «ақл ва кўнгилнинг олтин ўрталиги»ни топиб, унда ҳаракат қилишга ундовчи касб эгалари бўлмиш психологларга қўйилган талаб катта. Айниқса у ҳарбий психолог бўлса, унга юкланадиган юклама бир неча баробар залворли бўлиши табиий. Зеро Ватан сарҳадларини қўриқлаб, халқнинг тинчлигини сақлаб турган посбонларимиз руҳиятини кўтаришдек шарафли ишга бел боғлаган ҳарбий психологларнинг ҳам ўтказилаётган ўқув-семинардан руҳияти кўтарилди.
Ҳарбий қисмларда психологларнинг фаолият бошлаганига ҳали кўп вақт ўтиб улгурмаган бўлсада, улар томонидан сезиларли ишлар амалга оширилди. Муддатли ҳарбий хизматчилар, шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари билан тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Шерзод ШАРИПОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти