Талабалар ўртасида ҳарбий аслаҳа ва анжомлар макети танлови ўтказилди

76

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ҳарбий тайёргарлик ўқув марказида олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик бўйича таҳсил олаётган талабалари ўртасида ўқув жараёни давомида фойдаланилиши кўзда тутилган воситаларнинг макетларини ясаш бўйича танлов ўтказилди.
Танловда ҳарбий тайёргарлик ўқув марказида мавжуд ўнта йўналишда 30 дан ортиқ ҳарбий ҳисоб мутахассисликлари бўйича таҳсил олаётган талабалар қатнашди.
Мудофаа вазирлиги ҳарбий кадрларни тайёрлаш бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир давомида талабаларнинг мутахассисликлари бўйича олган билим ва кўникмалари даражаси қиёсланиб, ижобий натижаларга эришган талабалар ҳайъат аъзолари томонидан алоҳида белгилаб ўтилди.

Танловнинг шартига кўра Қуролли Кучлари ташкилий штат тузилмасида бўлган қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва воситаларнинг макетлари ясалди.
Кўрик-танлов натижасига кўра юқори ўринларни эгаллаган иштирокчилар Ҳарбий тайёргарлик ўқув маркази қўмондонлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан эсдалик совғалар билан мукофатланди.

Подполковник Шуҳрат АШУРОВ, ЎзМУ Ҳарбий тайёргарлик ўқув маркази бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравийишлар бўйича ўринбосари