Шахсга оид маълумотларни ҳимоялашда халқаро ҳамкорликнинг ўрни

42

Ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши ва ҳаётнинг барча соҳаларига кириб бориши давлат ва жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий юксалишидаги муҳим омиллардан бири бўлиб, миллий миқёсда ўзаро муносабатларнинг инновацион усуллари пайдо бўлишига замин яратмоқда.
Ўз навбатида бу уларни турли соҳаларда қўллаш учун кенг имкониятлар очиб беради. Шу билан бирга, ахборотлаштириш жараёнларининг глобал характерга эга эканлиги нафақат инсон салоҳиятининг ўсишини белгилайди, балки хавфсизликка таҳдидларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Глобал ахборот жамиятининг шаклланиши даврида юзага келган таҳдидларга қарши туриш замонавий дунёнинг барқарор ривожланишининг стратегик муаммоларига таъсир кўрсатадиган асосий масалалардан бирига айланиб бормоқда ва уларни ҳал қилиш фақат халқаро ҳамжамият аъзоларининг бирлашган саъй-ҳаракатлари билангина амалга оширилиши ойдинлашмоқда. Бундай шароитда ахборот муҳитида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда шахсга оид маълумотларни ҳимоя қилиш масаласи кун тартибига чиқиб келяпти.
Давлат томонидан жиноятчилик ва бузғунчи ғояларга қарши кураш чоралари замирида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, Интернетдаги маълумотларга эга бўлишларини чекламаслик зарур. Бу эса мувозанатли ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни талаб этади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) раҳбарларининг 2019 ва 2020 йилларда бўлиб ўтган саммитларида бу соҳага алоҳида эътибор қаратиш ва Ҳамдўстлик доирасида ахборот хавфсизлиги бўйича халқаро экспертлар форуми ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Унинг амалий натижаси сифатида Ўзбекистон Республикаси масъул ташкилотлари томонидан жорий йилнинг 29 июнь куни ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича МДҲ Халқаро экспертлар форуми ўтказилмоқда.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсадлардан бири халқаро ахборот хавфсизлигининг долзарб муаммолари ва уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилиш, ахборот маконида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хавфсизлик таҳдидларига қарши биргаликда курашиш бўйича эксперт тавсияларини ишлаб чиқишдан иборат.
Мазкур йўналишда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда шахсга оид маълумотларни ҳимоя қилиш масаласини алоҳида эътироф этиш зарур. Боиси, бугунги кунда ахборот технологиялари ва телекоммуникация хизматларининг жамият ҳаётига кенг татбиқ этилиши оқибатида ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари ва мессенжерларда шахсга оид маълумотларни унинг розилигисиз олиниши ҳамда тарқатилишига тез-тез гувоҳ бўляпмиз.
Яъни мессенжерларда, интернет сайтларида ва ижтимоий тармоқларда фойдаланувчи аккаунтини қайд этиш, гуруҳлар ёки каналлар ташкил этишда шахсга доир маълумотлардан, яъни шахснинг фотосурати, исм-шарифи, иш жойи, лавозими ва бошқалардан унинг розилигисиз фойдаланиш ва тарқатилиши ҳолатлари кескин кўпайиб кетаётганлиги кузатилмоқда. Бунинг натижасида кўплаб интернет фойдаланувчилари ўз шахсий ҳаётига ва шахсига оид маълумотлар тарқатилишига оид ҳуқуқбузарликлардан жабр кўрмоқда.
Ўзбекистон Республикасида ҳам бу борада муҳим қадамлар ташланмоқда, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилмоқда. Хусусан, 2019 йилда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Эътиборли жиҳати, бу қонунда инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадлари ва усулларининг қонунийлиги, маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги, махфийлиги ва ҳимоя қилинганлиги, субъектлар, мулкдорлар ва операторлар ҳуқуқларининг тенглиги, шахс, жамият ҳамда давлатнинг хавфсизлиги асосий принциплар сифатида мустаҳкамланган.
Мазкур Қонунга кўра, жисмоний шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми, туғилган вақти, туғилган жойи, вақтинча ёки доимий яшаш жойи, оиласи, ижтимоий ҳолати, маълумоти, касби, лавозими, иш жойи, мулкий ҳолати, телефон рақамлари, фотосурати, электрон почта манзили, биометрик ва генетик маълумотлар ҳамда бошқа маълумотлар шахсга доир маълумотлар ҳисобланади.

Шу билан бирга, Қонунда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш механизмлари аниқ белгиланиши, маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий, ташкилий ва техник чоралар кўришни назарда тутади. Бу субъектнинг ўз шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқи амалга оширилишини, шахсга доир маълумотларнинг яхлитлигини ва бут сақланишини, махфийлигига риоя этилишини, қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олинишини таъминлайди.
Энг асосийси, Қонунда бундай маълумотларнинг махфийлиги, уларнинг ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбаларига киритиш учун субъектнинг ёзма розилигини олиш, шунингдек субъектнинг шахсга доир маълумотларини ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбалардан унинг мурожаатига кўра чиқариб ташлаш кўрсатилган.
Шахсга оид маълумотлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга мисол қилиб, уяли алоқа компанияларининг абонент рақамларини дилерлар томонидан расмийлаштиришда ва уяли алоқа воситаларини UZIMEI тизимидан рўйхатдан ўтишида айрим нопок тадбиркорлар томонидан турли йўллар билан қўлга киритилган фуқаролик паспорти маълумотларидан фойдаланиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Шунингдек, бугун шахсга оид маълумотларнинг ноқонуний савдоси уюшган жиноятчиликнинг элементларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Шахсга доир маълумотлар билан ишловчи жисмоний ёки юридик шахслар, яъни уяли алоқа операторларининг дилерлари, авиакассалар, туристик агентликлар, меҳмонхоналар, хусусий клиникалар, суғурта ташкилотлари ва бошқа тадбиркорлик субьектлари ҳамда давлат ташкилотларида ишловчи шахслар томонидан маълумотларни моддий маблағ эвазига сотиш ҳолатлари, яъни “маълумотлар қора бозори” юзага келгани ҳам кузатилмоқда.
Бундан ташқари, интернет тармоғида хакерлар томонидан яратилган, шахсга оид маълумотларни ўғирлашга қаратилган Windows, MacOS, Linux, Unix, Android, IOS ва бошқа шу каби дастурий тизимлар муҳитида ишловчи иловалар ҳамда ниқобланган электрон дастурлар тарқатилмоқда.
Интернет фойдаланувчилари зарарли дастурларни ўйинлар, қўлланмалар, фотосуратлар, электрон ҳужжатлар, электрон хатлар ва бошқа кўринишларда қабул қилиб олишади ва натижада шахсга оид, деб қаралаётган абонентлар контакт рўйхати, кириш ва чиқиш қўнғироқлар тарихи, аккаунтларга тегишли пароллар, банк ҳисоб рақамлари, банк кредит/дебит карталари маълумотлари ва бошқа маълумотлар зарарли дастур муаллифига яширин тарзда юборилади.
Мазкур муаммонинг тобора глобал характерга эга бўлиб бориши уни ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича МДҲ Халқаро экспертлар форумида кенгроқ муҳокама қилиш ҳамда мувозанатли ечим йўлларини топишга замин яратиши мумкин.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар, хусусан, Форумни ўтказиш ғояси ўз-ўзидан эмас, балки дунёда ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши ва ҳаётнинг барча соҳаларига кириб келиши билан боғлиқ жараёнларни аниқ тушунишга асосланганидан дарак беради.

Ички ишлар вазирлиги