Тожикистон ҳарбий делегациясининг амалий ташрифи

133

Мамлакатимиз мудофаа доктринасида кўрсатилганидек, Ўзбекистон минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш мақсадида қўшни давлатлар билан ҳар томонлама ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаб бормоқда.
Бугун Тожикистон Республикасининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал-лейтенант Раҳмонали Сафарализода бошчилигидаги ҳарбий делегациянинг юртимизга амалий ташрифи ҳам бунинг яққол мисолидир.
Раҳмонали Сафарализода ва унга ҳамроҳлик қилган полковник Бунёд Жўразода (қўмондон ўринбосари) ҳамда подполковник Фаррух Мирзошарифзода (қўмондоннинг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси) ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигида меҳмон бўлдилар.

Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги штаб бошлиғи полковник Рустам Насритдинов, қўмондон ўринбосарлари – полковниклар Улуғбек Шодибеков, Шариф Жўрабоев ва подполковник Собир Ашуров томонидан кутиб олинди. Ташриф жараёнида томонлар икки давлат ҳукумат вакиллари ҳамда мудофаа вазирлари томонидан ушбу соҳага оид имзоланган келишувлар ижросини таъминлаш борасида ўзаро фикр алмашдилар.
Учрашув чоғида Фаррух Мирзошарифзода ҳарбий учувчи кадрларни тайёрлашда Ўзбекистон мудофаа вазирлиги билан олиб борилаётган ҳамкорликни алоҳида эътироф этди.
Ўз навбатида полковник Рустам Насритдинов тожикистонлик меҳмонларнинг амалий ташрифи, икки қўшни давлат ўртасида ҳар томонлама алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги ишончли қадам эканлигини таъкидлади.

Асрор РЎЗИБОЕВ,Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти