МДҲга аъзо давлатларнинг мудофаа вазирликлари шахсий таркиб билан ишлаш (тарбиявий ишлар) бўйича органлари раҳбарлари Қўмитасининг навбатдаги йиғилиши Тошкентда ўтказилди

162

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январдаги Мудофаа доктринаси тўғрисидаги Қонунида Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизликнинг узоқ муддатли манфаатларидан келиб чиққан ҳолда манфаатдор мамлакатлар билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш ва сақлаб туриш ҳамда давлатлараро ўзаро манфаатли, мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш белгиланган.
Шунга асосан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жаҳоннинг кўплаб давлатлари билан ҳарбий соҳада ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаб келмоқда. Жумладан, МДҲга аъзо давлатларнинг мудофаа вазирликлари шахсий таркиб билан ишлаш (тарбиявий ишлар) бўйича органлари раҳбарлари қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бугун, 24 июнда Тошкент шаҳрида ўтказилди.


Йиғилиш аввалида иштирокчилар пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи” мажмуасида барпо этилган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуасига гулчамбарлар қўйдилар. Шундан сўнг иштирокчилар мажмуа ҳудудидаги “Шон-шараф” давлат музейи экспонатлари билан яқиндан танишдилар. Меҳмонлар Иккинчи жаҳон уруши йиллари манзарасини яхлит акс эттирувчи бетакрор маънавият маскани бўлган “Ғалаба боғи” мажмуасига юксак баҳо беришди ва музейдаги фахрий меҳмонлар китобига дастхат қўйишди.
Қўмитанинг асосий йиғилиш жараёнлари Қуролли Кучлар Академиясида давом этди. Унда МДҲга аъзо давлатлар қуролли кучларининг шахсий таркиб билан ишлаш органлари раҳбарлари қўшинларда тарбиявий ишларни ташкил этишдаги долзарб масалалар юзасидан маълумотлар беришди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида замонавий босқичда шахсий таркиб билан олиб борилаётган тарбиявий ишлардаги асосий ёндашувлар тўғрисида” мавзусида маъруза қилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари ўртасида ҳамдўстликни мустаҳкамлаш ва аскарий биродарликни шакллантириш, “AРМИ-2021” Халқаро ҳарбий-техник форуми доирасида давра суҳбатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, Армия халқаро ўйинлари иштирокчиларига маданий-маърифий хизмат кўрсатилишининг тартиби, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг олий ҳарбий ўқув юртлари курсантлари ўртасида “КВН-2021 ҳамдўстлиги” халқаро фестивалини ташкил этиш ва бошқа масалалар, шунингдек бу соҳа йўналишида қўлга киритилаётган ютуқ ва тўпланган тажрибалар юзасидан ўзаро фикрлар алмашилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти