Мирзаободлик ёшлар генерал билан учрашди

12

Мамлакатимизда давом этаётган “Ёшлар ойлиги” тадбирлари доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида бугун, 19 июнь куни Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида “Генерал ва ёшлар учрашуви” ўтказилди.
Тадбир Тошкент ҳарбий округи, туман ҳокимияти ва мудофаа ишлари бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда мирзаободлик ёшлар билан самимий мулоқот қилган мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шухрат Холмуҳамедов эртамиз давомчилари бўлган навқирон авлод вакилларига бугунги кунда миллий армиямизда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар, Қуролли Кучларимизнинг жанговар қудрати ва салоҳияти, муддатли ҳарбий хизматдан сўнг контракт асосида хизматни давом эттириш ва олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш тартиблари ҳақида маълумотлар берди.
Ёшлар томонидан берилган саволларга генерал-майор Шухрат Холмуҳамедов тўлиқ жавоб берди.

Генерал билан учрашув ёшларга ўзгача мотивация бағишлади. Шу куни улар сафида кўпчилик келажагини шарафли соҳа билан боғлашдек фикрга келди, десак адашмаймиз. Буни уларнинг чақноқ кўзларидаги ифодалар акс эттириб турарди.
Тадбирда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ёшларга генерал-майор Шухрат Холмуҳамедов бадиий китоблар совға қилди.
Тошкент ҳарбий округи ҳарбий оркестри томонидан тақдим этилган ватанпарварлик руҳидаги куй ва қўшиқлар учрашувга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти