Марказий ҳарбий округда “Энг яхши китобхон ҳарбий оила” кўрик танлови ғолиби аниқланди

5

Китоб ўқиш фақатгина маънавий озуқа бўлибгина қолмай, балки инсоннинг ақлий қобилиятини ҳам ўстиради. Мутолаадан олинган таассуротларни бошқалар билан бўлишиш эса кишига завқ бериш билан бирга, ўзгаларни ҳам китоб ўқишга даъват этади. Хусусан, оила даврасида китоб ўқиш ва уни муҳокама қилиш ўзаро муносабатларнинг янада яхшиланишига, оила аъзоларининг жипслашишига олиб келади.

Мудофаа вазирлиги миқёсида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Энг яхши китобхон ҳарбий оила” кўрик-танловининг ўтказилиши ҳам айнан ушбу мақсадларга йўналтирилганлиги билан аҳамиятли. Қолаверса, танлов ҳарбий оилаларда китобхонликни янги босқичга олиб чиқишга ва эзгуликка ошно диллар кўпайишига хизмат қилмоқда.

Бугунга қадар ушбу кўрик-танловнинг дастлабки босқичлари ҳарбий қисм ва муассасаларда ўтказилиб, эндиликда иккинчи, яъни округ миқёсида ўтказиш учун навбат етиб келди.

Бугун, 19 июнь куни Марказий ҳарбий округнинг Маданият ва маърифат марказида Жиззах, Самарқанд, Каттақўрғон ҳамда Навоий гарнизонларида жойлашган ҳарбий қисм ва муассалардан ўн бир нафар ҳарбий оила ўртасида “Энг яхши китобхон ҳарбий оила” кўрик танловининг округ босқичи ўтказилди.

Танловда оилалар “Таништирув”, “Биз китобхон оиламиз”, бадиий ва маънавий саводхонлик борасида “Савол-жавоб” шартлари бўйича ўзаро баҳс
олиб боришди.

Танловнинг ҳар бир шартида оилавий жамоаларнинг нодир асарлардаги шеър, театр саҳнаси, монолог ва диалог каби тайёрлаган дастурлари китобхон оила эканликларини намён этди.

Ҳакамлар ва томошабинларнинг диққатини тортган нарса бу ҳарбий оилаларнинг “Икки эшик орасида”, “Келинлар қўзғолони” ва “Ўткан кунлар” каби ўзбек адабиётининг энг сара асарлари сюжетига оид эпизодни саҳналаштирганлиги ҳамда асарнинг ғоявий мазмун-моҳиятини очиб беришгани бўлди.

Танлов шартлари Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими, Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари, Халқ таълими ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш маркази вакилларидан тузилган ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.

Танлов якунига кўра, фахрли биринчи ўрин майор Ойбек Аллаёров оиласига (Жиззах гарнизони), иккинчи ўрин кичик сержант Қаҳрамон Жабборов оиласига (Самаранд гарнизони), учинчи ўрин КБҲХ оддий аскар Акмал Очилов оиласига (Жиззах гарнизони) насиб этди.

Ғолиб ҳарбий оилаларга округ қўмондонлигининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди ва иштирокчилар учун концерт дастури намойиш этилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати