Самарқандда “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида 3 кунлик ёшлар фестивалига старт берилди

6

Мамлакатимизда 1 июндан бошлаб 30 июнга қадар “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида барча вилоятлар марказида 3 кунлик ёшлар фестивалларининг ўтказилаётганлиги ҳақида хабардор бўлсангиз керак, албатта.

Ушбу янгича анъана Самарқанд вилоятига ҳам етиб келди.

Самарқанд шаҳрида бугун, 11 июн эрта тонгдан вилояти ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, шаҳар ва туман ҳокимликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, Ёшлар ишлар агентлиги вилоят бошқармаси, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда 30 мингдан ортиқ ёшлар иштирокида 11-13 июнь кунлари ўтказиладиган 3 кунлик ёшлар фестивалига старт берилди.

Ёшлар фестивали соҳибқирон Амир Темур, Алишер Навоий ҳамда Мирзо Улуғбек ҳайкаллари пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди.

Шундан сўнг Самарқанд вилоятининг 30 мингдан ортиқ ёшлари, 1000 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар иштирокида юриш марафони ўтказилди. Унда иштирокчилар Регистон майдонидан Университет хиёбони бўйлаб Амир Темур ҳайкали ёнигача ҳаракатланишди.

Университет хиёбони марказида фестивалнинг очилиш маросими ўтказилиб,
самарқандлик ёшлар учун концерт дастури намойиш этилди.

Ёшлар фестивали доирасида веломарафон ҳам ташкил этилди. Регистон майдонидан бошланган велосипедчилар мусобақасида ёшлар ва ҳарбий хизматчилар Шоҳи Зинда мажмуаси, Улуғбек расадхонаси ва Абу Али Ибн Сино кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб, яна Регистон майдонида тўпланишди.
2 минг нафарга яқин йигит-қизлар орасидан 10 километр масофани босиб ўтиб, маррага биринчилардан бўлиб келган 6 нафар иштирокчига диплом ва велосипед топширилди.

Кўтаринки кайфият ила старт олган ёшлар фестивали ҳаваскор ёшлар ўртасида турли лойиҳалар, бадиий жамоаларнинг ижодий чиқишлари, рассомларнинг маҳорат дарслари ва кўргазмалари, “Ёш китобхон” викторинаси, турли спорт мусобалари, ҳарбий ватанпарварлик фестиваллари ҳамда гала концерт дастурлари билан давом этади.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати