Депутатлар ҳарбий қисм ва муассасаларда ўрганиш ишларини олиб боришди

6

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Президентимизнинг 2018 йил 4 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш» Концепциясининг ижро ҳолатлари бўйича ўрганиш олиб борилди.
Ўрганиш ва кузатишлар Қуролли Кучлар академиясида бошланди.
Айни кунларда академия битирувчи курс курсантларининг давлат имтиҳонларини топшириш жараёнлари қизғин давом этмоқда. Уларга ажратилган шарт-шароитлар билан танишган ишчи гуруҳ аъзолари, курсантларнинг ўқув хоналари, ётоқ жойлари, дам олиш ва спорт билан шуғилланишлари учун яратилган имкониятлар билан танишди.


Сўнгра ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмлар ва Мудофаа вазирлигига қарашли «Тонг» болалар ёзги оромгоҳида бўлдилар.
– Мудофаа вазирлиги тизимида Концепциясининг ижро ҳолатлари бўйича ўрганишлар натижасини мисоллар билан айтадиган бўлсам, ҳарбий қисмларда яратилган шароитлар, миллий армиямизда хизмат фаолиятини олиб бораётган хизматчиларнинг оила аъзолари, уларнинг фарзандлари учун яратилган шароитларни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Мисол тариқасида ҳар бир ҳарбий қисмларда маънавият марказларининг ташкил қилиниши, у ерда ҳатто ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун тил ўргатиш тўгараклари, тадбиркорлик соҳасига қизиқиши бўлган ёшлар учун бизнес тренингларнинг ташкил этилганлиги жуда қувонарли ҳол. Ҳарбий қисмлардаги овқат тайёрлаш ва уни тарқатишда аутсорсинг («outsourcing» инглизча сўз бўлиб, ташқи манба, ресурсдан фойдаланиш тушинилади) усулига ўтганлигига ҳам алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман. Биз гувоҳи бўлган ҳолатда аскар ва ҳарбий хизматчилар ҳафталик овқат менюларини ўзлари танлашар экан. Бунақанги шароит қаерда бор эди. Бу кўнгилни кўтарадиган ва кўзни қувонтирадиган жараён. Яратилган бундай шароитларни кўрган ва билган ҳар бир ёшнинг ҳарбий хизматга бўлган интилиши ортиши табиий.
– Мана, Олий Мажлис қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Тошкент ҳарбий округи ҳудудидаги ҳарбий қисмларда маънавий ва маърифий ишлар самарадорлигини ўргандик. Тан олиб айтиш керак, охирги 2-3 йил давомида бу йўналишга жуда катта эътибор қаратилди. Қуролли Кучларни нафақат ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа билан бутлаш, балки маънавий ва маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, тарбиявий ва мафкуравий ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Биз ўрганишлар жараёнида бунинг гувоҳи бўлдик, – дейди депутат Козим Тожиев. – Ҳарбий қисмнинг ўзида ҳарбий хизматчиларнинг руҳий тайёргарлиги, ҳарбий ватапарварлиги, тарбиявий ва мафкуравий ишларга ҳам жанговар тайёргарликдан кам эътибор қаратилмаганлигининг гувоҳи бўлдик. Ўрганишлар натижасида ҳарбий қисмлардаги ҳар бир йўналиш учун алоҳида жиҳозланган синф хоналарини кўрдик, маънавият хоналарини кўрдик, кутубхоналарни кўрдик. Олий ҳарбий билим юртлари ҳамда ҳарбий қисмларда Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди синфларининг бўлиши Концепцияда алоҳида белгилаб қўйилган эди. Ташкил этилган синфларда бунинг ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу ҳарбий хизматчиларнинг нафақат ҳарбий соҳадаги билимларини ошириш, балки сиёсий билимларини ҳам оширишга замин бўлади.Йилдан-йилга ривожланиб бораётган миллий армиямиз салоҳияти ва ҳарбий хизматчиларнинг маънавий дунёқарашининг ривожланиб бораётганлиги ҳар биримизни қувонтиради. Бу ҳолатни оддий фуқаро сифатида ҳарбийларимиз билан суҳбатлашган ҳар қандай инсон эътироф этиши мумкин. Армиямизнинг очиқлик ва шаффофлик принципларига амал қилган ҳолда, ҳар йили ёшларнинг ҳарбий қисмларга ташрифи уюштирилаётганлигидан ҳам билиш қийин эмас. Дала ўқув полигонларида ҳам, юртимиз аҳолиси учун очиқ эшиклар куни, сифатида ўтказилаётган ҳарбий техникалар билан кўргазмали чиқишлар қилинишида ҳам армия ва халқнинг чамбарчас боғлиқлиги ўз ифодасини топган. Зеро армиянинг куч-қудрати замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан бир қаторда, юксак маънавиятли ҳарбийлар хизматчилардадир.

Шерзод Шарипов, Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти