“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида ёш рассомлар танлови бўлиб ўтди

4

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бугунги кунда юртдошларимиз, айниқса, эртамиз эгалари бўлмиш ёшларнинг севимли масканига айланган. Ушбу қутлуғ даргоҳ нафақат аждодларимизнинг матонати ва жасоратидан сўзловчи, балки ёшларимиз қалбида бугунги тинч ва осойишта кунларимизга шукроналик ҳиссини янада мустаҳкамловчи муассаса, десак муболаға бўлмайди. Ушбу мажмуада ўтказилаётган ёшлар билан боғлиқ фестиваллар, анжуман ва кўрик танловларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда.
Куни кеча “Ғалаба юбоғи” ёдгорлик мажмуаси ҳамда “Халқаро полиция ассоциацияси” ҳамкорлигида “Мусаффо осмон” шиори остида ёш ҳаваскор мўйқалам усталари иштирокида республика расмлар кўрик-танлови ўтказилди. Республикамизнинг турли вилоятларидан 6 ёшдан 17 ёшгача бўлган 700 дан ортиқ болажонлар ушбу кўрик-танловда ўз ижодий ишлари билан иштирок этишди.
Айниқса, пойтахтимизнинг Сергели, Учтепа ва Бектемир туманидаги “Ногиронлар жамияти”дан мазкур танловда қатнашган болаларнинг она Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатларини ўзларининг ижодий асарлари орқали баён этиб, юртимизда уларга қаратилаётган эътибордан мамнун эканликларини ифодалаши жуда таъсирли бўлди.
Танловда “Биз дунёда тинчлик абадий бўлишини ҳоҳлаймиз”, “Ватан муқаддас ва ягонадир”, “Тинчлик – болалар тасаввурида”, “Менинг шаҳрим – Ватан посбонлари ҳимоясида” каби мавзуларга оид ижодий ишлари баҳоланди. Шунингдек, иштирокчиларнинг кўплиги инобатга олиниб, ҳар бир ўрин учун икки нафардан номзод сараланиши белгиланди. Ғолиблар диплом ва совға-саломлар билан рағбатлантирилди. Шунингдек, мазкур танловда иштирок этган бир гуруҳ болаларга Фахрий ёрлиқлар топширилди.


Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 170-умумтаълим мактаби “Шунқор” ҳарбий-ватанпарварлик спорт клуби аъзолари ҳамда ёш спортчилар томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишлар, “Истиқлол” рақс тўгарагининг жажжи рақосалари ва болажонлар ижросидаги турли хил саҳна кўринишлари барчага кўтаринки кайфият улашди.
Тадбир доирасида юртимизда олиб борилаётган ватанпарварлик тадбирларида фаол иштирок этган ҳарбий хизматчилар ва бошқа соҳа вакиллари “Халқаро полиция ассоциацияси” томонидан таъсис этилган “Халқаро полиция ҳамдўстлигини мутаҳкамлашда қўшган ҳиссаси учун” медали билан тақдирланди.
Таъкидлаш керакки, ушбу танловда иштирок этган ёшларнинг кўзларида порлаган қувонч эртанги кунга бўлган ишонч ва шукроналикдан сўзлаётгандек. Зеро Президентимиз Шакат Мирзиёев таъкидлаганидек, “…Умуман олганда, ҳар қандай жамият тараққиётида ҳал қилувчи ролни ушбу жамиятнинг келажагига боғлиқ бўлган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол ривожланиши ўйнайди. Шунинг учун ислоҳотларимизни кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш масалаларида биз замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ғайратли, ташаббускор, ҳар томонлама ривожланган ёшларимизни ўзимизга таянч деб биламиз”.

Наргиза САФАРОВА
“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси матбуот хизмати