Ургут тоғларида маҳаллий ёшларга саф тайёргарлиги ўтказилди

6

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази қўмондонлиги ташаббуси билан Ургут туманининг олис тоғ ён бағирларида жойлашган Чорчинор қишлоғида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида “Ёшлар ойлиги” муносабати билан ҳарбий-ватанпарварлик тадбири ўтказилди.

Унда туман ҳокимлиги, Ёшлар агентлиги туман бўлими, туман халқ таълим бўлими ҳамда Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ёшларга берилаётган имкониятлар тўғрисида ўқувчи ёшларга батафсил маълумотлар беришди.

Бундан ташқари аҳоли ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ва марказ курсантлари томонидан қўл жанги чиқишлари намойиш этилди.

Тадбир давомида ургутлик ўқувчи ёшларга саф тайёргарлиги машғулоти ҳам ўтказилди.

Бу каби тадбирларнинг амалга оширилиши ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг Ватанга бўлган муҳаббатини янада оширишда катта аҳамият касб этади. Зеро ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, миллий армиямиз сафларида ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи ва Ватан тақдири, юрт тинчлиги ва ҳимояси йўлида бор салоҳияти билан масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни бирлаштириш, уларнинг интеллектуал ҳамда ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар
Хайрулло ЎЛМАСОВ