Битирувчиларга сертификат топширилди

155

Қуролли Кучлар академиясида чет тилларини, хусусан инглиз тилини ўргатиш тизимини ривожлантириш, мазкур фан ўқитувчиларининг ўқув-услубий ва касбий малакасини оширишларини такомиллаштириш мақсадида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Фикримиз далили сифатида Британия Кенгаши мутахассиси Жеймс Томас Эдвард бошчилигида академия профессор-ўқитувчилари учун ташкил қилинган икки йиллик ўқув курсини келтиришимиз мумкин.

Академияда мазкур ўқув курсида малака оширган иштирокчиларга сертификат топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳарбий атташеси Алан Ҳайтон ҳам иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, ўтган вақт давомида курс иштирокчилари инглиз тили борасидаги билимларини янада ошириб, MOODLE платформаси орқали энг замонавий педогогик технологияларни, инновацион методларни ўргандилар. Шу билан бирга Буюк Британиянинг Норвич Тилларни ўқитиш институти малака ошириш курсида ўқиб, малака оширдилар. Бу эса ўз навбатида академияда инглиз тилини ўқитиш жараёнининг янги босқичга кўтарилишига, машғулотларга янги интерфаол усул ва услубларнинг жорий қилинишига сабаб бўлди. Натижада эса курсантларнинг тил ўрганишга бўлган қизиқишлари ортмоқда, инглиз тилида сўзлаш ва тил билиш кўникмалари шаклланмоқда.

– Жеймс Томас Эдвард билан ҳамкорлигимиз самарали бўлди. У жуда талабчан устоз. Ҳар бир машғулотга масъулият билан ёндашади, – дейди Қуролли Кучлар академияси Тиллар кафедраси катта ўқитувчиси Нигора Тўраева. – Устозимиз ҳар бир дарсда ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда қандай қилиб инглиз тили машғулотларининг ранг-баранглигини ошириш ва дарсларга ижодий ёндашиш мумкинлиги бўйича сабоқ берди. Бу борадаги тажрибалари билан ўртоқлашди. Бир сўз билан айтганда, биз ундан кўп нарсаларни ўргандик, тажрибамиз, малакамиз ошди.
Ўрганганларимизни эса ўз навбатида фаолиятимизга тадбиқ қиляпмиз.

Майор Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти