Жиззахдаги ҳарбий қисмда эртамиз эгалари учун “очиқ эшиклар куни” ўтказилди

37

Марказий ҳарбий оркугнинг Жиззах гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси ташаббуси билан “Эр йигитнинг эр йигитга айтган гапи таъсирли бўлади” шиори остида ёшлар учун “очиқ эшиклар куни” ўтказилди.

Унда вилоятдаги 100 дан ортиқ уюшмаган ёшлар ҳамда 30 га яқин мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган ёшлар ҳамда Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техника мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази хизматчиларининг фарзандлари иштирок этишди.

Ҳарбий қисм бўйлаб мароқли ва мазмунли саёҳат қилган ёшлар учун дастлаб соҳибқирон Амир Темур ва саркарда Жалолиддин Мангуберди синфларида яратилган шарт-шароитлар ҳамда аждодларимиз ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Ҳарбий қисм ўқув синфлари, ётоқхона, ошхона, маданият маркази ва спорт мажмуаларида яратилган шароит ва имкониятлар тадбирда иштирок этган умумтаълим мактаби битувчилари қалбида “Мен ҳам Ватан ҳимоячиси бўламан”, деган истакларини шакллантирди.

Умуман олганда, ҳарбий қисм бўйлаб қилинган саёҳат жажжи болажонлар ва ўсмир ёшларнинг эртанги кунда тўғри йўлни танлаши ва дилларида ватанпарварлик ҳисларини оширишига муносиб хизмат қилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати