Само, сув ва соҳил…

95

Янгича инфратузилма ва қиёфа касб этган Тошкент ҳарбий округига қарашли «Марказ» десантчилар тайёрлаш базасида пухта тайёргарликдан ўтган ҳарбий хизматчилар «Тошкент денгизи»га парашют билан сакрашди.

Десантчилар парашют билан сакрашгача бўлган барча жараённи ҳаво-десант тайёргарлиги офицерлари ва йўриқчилар томонидан ўтказилган назарий ва амалий машғулотларда пухта ўрганиб, жанговар вазифани бажаришга киришди.

Ми-8 вертолётида ҳавога кўтарилган юрт ўғлонлари бирин-кетин «Тошкент денгизи» осмони узра кўриниш бера бошлайди. Биринчи гуруҳга ҳамроҳлик қилиб, уларни очиқ ҳавога кузатиб қўйсак, кейинги гуруҳларни гоҳ сувда, соҳ соҳилда кутиб олаверамиз. Ҳарбий хизматчилардаги шижоат, аъло ва жанговар кайфият ўқув машғулотининг юқори савияда ўтишини таъминлайди.

– Ҳарбий хизматчилар аввало ерда ҳаво-десант тайёргарлиги машғулотларини пухта ўзлаштириши керак. Шундан сўнг мукаммал кўникмага эга бўлган десантчилар амалий машғулотларга жалб этилади. Йигитларнинг билими, салоҳияти ва тажрибасини ошириш мақсадида парашют билан сувга сакраш, шунингдек, тунги сакраш машғулотлари ҳам ташкил этиляпти, – дейди полковник Ғулом Тўйчиев.

Сувга парашют билан сакраш десантчидан янада ҳушёр ва диққатли бўлишни талаб этади. Боиси ҳарбий хизматчи томонидан шамол йўналиши ва тезлиги инобатга олинмаса, маълум ҳудуднигина қамраб олган нуқтага етиб келиш мураккаблашади. Натижада жанговар топшириқ бажарилмайди.

Парашют билан сувга сакраган десантчилар сув юзасига яқин келганида асосий ва захира парашютидан эпчиллик билан ажралиб олиши керак. Агар бунинг уддасидан чиқолмаса, сувда туриб парашютдан ажралиш бироз қийинчилик туғдирибгина қолмай, ортиқча вақт сарфини ҳам талаб этади. Десантчининг жанговар вазифаси сувга сакраш билангина чекланиб қолмайди. Парашют ҳарбий хизматчининг топшириқни бажариш йўлидаги муҳим воситасидир.

Буни тўғри англаган ҳарбий хизматчилар муваффақиятли сакрашдан сўнг тезлик билан соҳил томон сузиб боришади. Қирғоққача бўлган масофа 200-300 метр. Бу ҳам Ватан ҳимоячиларининг жанговар шайлиги, ҳар қандай шароитга тайёр бўлиши ва энг муҳими, берилган вазифани ўз вақтида, хатоларсиз бажариш кўникмасининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Лейтенант Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
Мудофаа вазирлиги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти