Ҳарбийлар воҳа этномаданиятини намойиш қилди

39

Термиз туманининг Учқизил қўрғонида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари сафидаги ҳаваскор бахши ва човоғонлар ҳамда ҳарбий қисмлардан ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик гуруҳлари 500 нафар ёшларни жалб қилган ҳолда “От йигитнинг дўсти, дўмбира унинг ғурури” шиори остида фестиваль ўтказишди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар Сурхон воҳасининг этномаданиятини акс эттирувчи уст бош кийим-кечакларни кийиб кўпкари, кураш, бахшичилик ва достончилик ҳамда чанқовуздан куй чалиш усуллари орқали барча томошабинларни хурсанд қилишди.

– Мен бугунги фестивалдан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Айниқса, бошқа вилоятдан келиб Сурхондарёда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг воҳа урф-одатларини ўзлаштиргани бизни жуда ҳам ҳайратга солди. Чунки уларнинг ҳеч қандай қийинчиликсиз чавандозлик маҳоратини кўрсатишлари, дўмбира чалиб термалар айтишлари, чанқовуздан куй чалишлари бизларга катта мамнуният улашди, – дейди Термиз туманидаги 15-умумтаълим мактаби ўқувчиси Асқар Бобошеров.

Бундай тадбирлар Сурхон воҳасининг барча туман ва қишлоқларида ўтказилиши режалаштирилган.

III даражали сержант Акбар АХМЕДОВ,
Термиз гарнизони