Кинолог мутахассисларни ва хизмат итларини тайёрлаш маркази фойдаланишга топширилди

96

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг Халқаро армия ўйинларида кўрсатаётган ижобий натижаси, дунё миқёсида кун сайин жилоланиб бораётган имиджи бугун манаман деган давлатларнинг армиясида ҳам ҳавас уйғотмоқда. Буларнинг бари тизимда ишнинг тўғри йўлга қўйилгани ва ҳарбий хизматчиларнинг ўз мутахассислиги бўйича мунтазам малака ҳамда билимини ошириб боришидан далолатдир.
Халқаро армия ўйинларининг “Содиқ дўст” мусобақасида муваффақият қозониб келаётган ўзбек ўғлонларининг маҳоратига бугун дунё тан бераётир. Улар ўз хизмат итлари билан яқиндан дўст тутинган. Бу муваффақиятнинг биринчи гарови.
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳудудида Мудофаа вазирлиги кинолог мутахассисларини ва хизмат итларини тайёрлаш маркази фойдаланишга топширилди.

Тантанали маросимда Мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, куч тузилмалари кинология мутахассислари, Қуролли Кучлар фахрийлари, билим юрти шахсий таркиби ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўқув хоналари, кутубхона, маънавий-маърифий тайёргарлик хонаси, йўриқчилар хонаси, халқаро мусобақаларда эришилган ютуқлар акс этган музей; буларнинг бари марказнинг замонавий инфратузилмасини ташкил этади. Шунингдек, махсус ошхона, ҳаммом, ветеринария хонаси, лаборатория, ташхис қўйиш хонаси, жарроҳлик бўлими ва муолажа хоналаридан ҳам замонавийлик нафаси уфуриб турибди.
Бу каби шароитлар албатта, миллий армиямиз кучига куч, қудратига қудрат қўшади. Янги зафарлар учун замин ҳозирлайди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар
департаменти