Пахтакорда байрам шодиёнаси

10

Жиззах вилоятидаги Пахтакор туманида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан тумани ҳокимлиги, сектор вакиллари, Жиззах гарнизони ҳарбий хизматчилари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Миллий гвардия, ДХХ чегара қўшинлари билан ҳамкорликда туман марказий кўчалари бўйлаб парад бўлиб ўтди.

Тадбирда 4000 га яқин туман аҳолиси ҳамда ўқувчилар ва уюшмаган ёшлар иштирок этди. Марказий кўчалар бўйлаб ҳарбий техникалар, ҳарбий хизматчилар ва спортчи ёшлар ҳарбий оркестр садолари остида шаҳдам қадамлар билан саф тортиб ўтишди.

Тадбир давомида Хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, ўтганлар хотирасига эҳтиром кўрсатилди.

Мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, нуроний отахон ва онахонларимизни ҳар қанча эъзозласак, шунча кам. Зотан, биз ана шу юртдошларимиз олдида ҳамиша қарздормиз. Уларнинг умрини қўлимиздан келганча, баҳоли-қудрат узайтиришга, мазмунли қилишга, бунинг учун барча шарт-шароитни яратиб беришга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Йиғилганлар учун ҳарбий хизматчилар намойиш этган қўл жанги чиқишлари алоҳида завқ улашиб, ёшларни аждодларга муносиб ворис бўлишга ва миллий ғурурини юксалтиришга ундади. Ҳарбий оркестр жамоасининг уруш йилларининг энг сара куй-қўшиқлари кексаю ёшни бирдек рақсга чорлади

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати