Бирлигимиз акс этган «101» фильми намойиши

11

Айни кунларда пойтахтимизнинг янада гавжумлашган ва серқатнов гўшаси бўлган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасидаги «Шон-шараф» музейида ўзбек халқи ва довюрак ўғлонларининг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган матонати, мардлиги, қаҳрамонлиги ҳамда юксак жасорати ифода этилган «Бир юз бир» фильми намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурори генерал-майор Шуҳрат Узаковнинг ташаббуси билан мактаб ва лицей ўқувчи-ёшлари иштирокида ташкил этилган тадбирда Тошкент ҳарбий прокуратураси, Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддилари, Ёшлар иттифоқи фаоллари, ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Анвар Иргашев ва Юлия Медведовская асари асосида суратга олинган фильм намойиши ижодкорларнинг «Бир юз бир» деб номланган китоби тақдимотига уланди.

Муаллифлар ушбу асарнинг ёзилиш тарихи, фильмнинг суратга олиниш жараёни юзасидан тадбир иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтаришди.
– Ушбу тадбир ёшларнинг қалби ва онгига халқимиз тинчлиги, она Ватанимиз мустақиллигини кўз қорачиғидек асраш, унинг шуҳратини дунёга тараннум этиш билан боғлиқ энг муҳим тушунчалар, ҳаётий ва профессионал кўникмаларни илм-маърифат acосида сингдириб боришга хизмат қилади, – дейди адлия подполковниги Дилшод Бойқўзиев. – Зотан, ёш авлодни чинакам ватанпарвар этиб тарбиялаш муҳим вазифаларимиздан биридир.
Тадбир сўнгида Иккинчи жаҳон урушида халқимиз матонати ва бирлиги акс этган ҳамда томошабинлар кўнглидан чуқур ўрин олган ушбу кино ижодкорларига гулдасталар туҳфа этилиб, эсдалик учун суратларга тушилди.

Лейтенант Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти