I идоралараро «Дог биатлони» мусобақаси ғолиблари аниқланди

16

Аввал хабар берганимиздек, Қурорли Кучлар тизимида илк бор I идоралараро «Дог биатлони» мусобақасига старт берилган эди. Унда Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ва Божхона қўмитаси жамоалари иштирок этди.

Бугун, 7 май куни, мазкур мусобақанинг тантанали ёпилиш маросими Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, куч тузилмалари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари, кенг жамоатчилик, ўқувчи ёшлар, шунингдек, билим юрти жамоаси иштирок этди.

Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан мудофаа вазири ҳарбий хизматчиларимиз ўз хизмат итлари билан халқаро ареналарда юқори натижаларга эришаётгани, уларнинг касбий маҳорати ошишида бундай мусобақаларнинг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Якуний натижаларга кўра, 3-ўринни Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия қўмондонлиги жамоалари, 2-ўринни Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги, фахрли 1-ўринни эса Мудофаа вазирлиги жамоаси қўлга киритди. Ғолиб ва совриндорлар диплом, кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шундан сўнг жамоаларнинг хизмат итлари билан биргаликдаги кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Шунингдек, қўл жанги чиқишлари ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Лейтенант Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти