Ҳарбий хизматчиларга замонавий махсус техникалар топширилди

11

Бугунги кунда Қуролли Кучларимизни энг янги қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш, мамлакатимиз Мудофаа саноати комплексини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар изчил давом этмоқда.
Фикримиз исботи ўлароқ Қарши шаҳрида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисмларга замонавий техникаларни топшириш маросими бўлиб ўтганини айтиш мумкин.
Тадбирда вилоят ҳокими, Мудофаа вазирлиги масъуллари, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, фахрийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросимда cўз олганлар саф тортиб турган юзлаб ҳарбий техникалар топширилиши Юртбошимизнинг мудофаа салоҳиятига қаратаётган юксак эътиборидан далолат экани ҳақида тўхталиб ўтишди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчиларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қиладиган, ҳар қандай ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам йўл танламас «Камаз» 4326 ҳамда «Камаз» 43 118 русумли 116 дона ҳарбий техникалар калитлари юрт ҳимоячиларига тантанали равишда топширилди.
Байрамга ҳамоҳанг Қарши шаҳрининг марказий кўчаси ўзгача тусга кирди. Ҳарбий аслаҳа-анжомлар, қурол-яроғлар, кўчма ошхона ва моддий ашёлар кўргазмаси шакллантирилган нуқталарда ёшлар чексиз таассуротларга эга бўлдилар.
Тадбир якунланар экан, қудратли техникалар кейинги манзиллари – ҳарбий қисмлар томон саф тортиб йўл олдилар. Энди уларнинг ҳар бири юрт сарҳадлари ҳимояси йўлида Ватан ҳимоячиларига битта тиргак бўлиб хизмат қилади.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати