Абадиятга дахлдорлик

12

Хотира ва қадрлаш куни арафасида II жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини яна бир бор йўқлаш анъанага айланган.
Бу гал Мудофаа вазирлиги масъул офицери подполковник Даврон Абдураҳимов, Мудофаа вазирлиги Хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Зулфия Мансурова, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновация, технология ва стратегия маркази вакилларига ҳамроҳлик қилдик.
Дастлаб пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги майор Султан Якубов (марҳум) хонадонида бўлдик. Бир оз суҳбатдан сўнг совғалар – китоблар жамланмаси ҳамда электрон китоблар ўқиш мосламаси болажонларга совға қилинди. Табассумли суҳбат қаҳрамонимизга уланганда беихтиёр кўзларга ёш қалқди.
– Турмуш ўртоғимни ҳар куни эслайман. У ҳақдаги эътирофларни эшитганимда фахрланаман. Фарзандларимиз – Самира, Ильвина, Валериянинг келажаги ҳақида орзулар қилардик. Мақсадларимиз зиёдаси билан ушалсин, руҳлари шод бўлсин, – дейди майор Султан Якубов (марҳум)нинг турмуш ўртоғи Света Якубова.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида истиқомат қилаётган капитан Жаҳонгир Тоғаев (марҳум)нинг оиласида 3 нафар ўғлон вояга етяпти экан. Уларнинг каттаси Жасурбек Рўзиев Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти курсанти. Таътил пайтига тўғри келгани учун таҳсил таассуротлари билан танишдик.
– Дадам менга, сен албатта учувчи бўлишинг керак, дерди. Мана шу мақсад йўлидаман. 2-курсни тамомлаяпмиз. Насиб қилса келажакда моҳир учувчи бўламан, она диёримизнинг само сарҳадларини қўриқлашга ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшаман, – дейди у.
Аслиддин ва Масрурбеклар ҳам оила бекаси Нафосат Юлдошеванинг ўгитларини олиб, келажакда эл корига камарбаста, етук мутахассислар бўлиб камол топиш ҳаракатида. Ишончимиз комилки, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган қаҳрамонлар ёди ана шундай фарзандлари сиймосида абадиятга дахлдор, умри боқий бўлиб қолаверади.

Капитан Азиз НОРҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти