Оққўрғонда байрам шодиёнаси

27

9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги яқинлашиб келаётгани муносабати билан кеча, 6 май куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани, Султон Сегизбаев қўрғони маркази мисли кўрилмаган байрам кайфиятига бурканди. Байрамона кўринишдаги аҳоли пункти маркази эрта тонгдан кўчага чиққан маҳаллий фуқаролар ҳам таниб бўлмас даражада безатилганди.

Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан Сегизбаев қўрғони марказида Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотираси учун ўрнатилган ёдгорлик қайтадан таъмирланган. Тадбирда жанггоҳларда ўз жонини фидо қилган қаҳрамонларга яна бир марта ҳурмат-эътиром кўрсатилди. Байрам тадбири мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари-Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳратжон Холмуҳамедов бошчилигидаги ҳарбий хизматчилар ҳамда фахрийлар томонидан ёдгорлик пойига Мудофаа вазирлиги номидан гулчамбар қўйиш маросими билан бошланди. Оққўрғон тумани ҳокимияти, секторлар раҳбарлари ва ёшлар ҳам ёдгорлик пойига гулчамбар қўйиб, уруш қурбонлари хотираси учун таъзим бажо келтирди.

Шундан сўнг Сегизбаев қўрғонининг марказий кўчаси бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари, куч тузилмалари вакиллари ҳамда ёшлар параддан ўтишди.

Тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар учун турли ўқув нуқталарида Иккинчи жаҳон урушига оид саҳналаштирилган дастурлар намойиш этилди. Оққўрғонлик йигитларнинг фронтга жўнатилиши, уларнинг жанггоҳларда кўрсатган жасоратини акс эттирувчи саҳна кўринишлари моҳирона ижро этилиши билан барчада катта таассурот қолдирди. Байрам тадбирига келганлар машъум уруш йилларида халқимиз қанчалик оғир дамларни бошидан кечирганлигини қалбан ҳис этишди. Юртдошларимиз иродаси, матонати ва қаҳрамонлигини ифодаловчи хотира қанчалик буюк, улуғвор ва муқаддаслигига яна бир бор амин бўлдилар.

Байрам тантаналари оққўрғонлик фронт орти меҳнат фахрийларини тақдирлаш ва концерт дастури билан давом эттирилди. Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Шуҳратжон Холмуҳамедов ва Оққўрғон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Қосимбек Шинтемиров Сегизбаев қўрғонида истиқомат қилаётган кекса отахон, онахонларга совға-саломлар топширдилар. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Ўзбекистон давлат филармонияси Тошкент вилояти бўлими санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар, ҳарбий техникалар намойиши ва байрам тадбири бошида ўтказилган тантанали парад Сегизбаев қўрғони аҳолиси ёдидан бир умр чиқмайдиган воқелик бўлди.

Бутун мамлакатимиз бўйлаб 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилаётган умумхалқ байрами тадбирлари халқимиз кўрсатган матонат ва қаҳрамонликнинг намунасини ана шу тарзда ифода этиб бермоқда.

Асрор РЎЗИБОЕВ, Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти