Армия биатлони, тош кўтариш ва ўқ отиш спорти мусобақалари якунланди

30

“Чирчиқ” дала ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳарбий хизматчилари ўртасида “Армия биатлони”, “Тош кўтариш” ва “Ўқ отиш спорти” мусобақалари ўтказилди.
Икки кун давом этган мусобақада таркибида 8 нафардан ҳарбий хизматчилар бўлган 14 та терма жамоа қатнашди. “Хотира ва қадрлаш куни”га бағишланган мусобақа иштирокчиларини “Чирчиқ” полигонида шабада, салқин ҳаво қаршилади.
“Армия биатлони” – бу текис ва нотекис жойларда югуриш, арқонга осилиб чиқиш ва тушиш, гранатани аниқликка улоқтириш, пичоқни нишонга отиш, енгил атлетика тўсиқларидан ўтиш ва кичик калбрли милтиқдан ўқ отиш элементларини қамраб олди. Ушбу шарт Ватан ҳимоячиларини ҳар томонлама тоблаши билан аҳамиятли бўлди. “Ўқ отиш спорти” армия ҳаётида мунтазамлик касб этгани учун ҳар бир иштирокчи иккинчисидан ортда қолмасликка тиришарди.
Мусобақанинг иккинчи куни иштирокчилар эрта тонгдан тош кўтариш бўйича беллашишга киришиб кетишди. Дастлаб қоидалар, танбеҳли ўринлар яна бир бор эслатилди. Шундан сўнг забардаст ўғлонлар 70, 80 ва +90 кг вазнда ўзларининг қанчалар чайир эканликларини намойиш этишди. Уларнинг бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари, жипслигини кўриб, бирдамликдаги армияга ишончингиз ортади.
Ниҳоят, натижалар эълон қилинди. Унга кўра “Армия биатлони” бўйича якка тартибда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Зуҳриддин Усмоналиев, жамоа таркибида эса Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти жамоаси биринчиликни қўлга киритди.

Ўқ отиш мусобақасида якка тартибда ғолибликни Шимоли-ғарбий ҳарбий округидан келган кичик сержант Баркамол Турсунов эгаллаган бўлса, жамоа таркибида 1-ўрин Қуролли Кучлар академиясига насиб қилди.
Тош кўтариш мусобақасида 70 кг вазн тоифасида кичик сержант Элдор Бойдуллаев (Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ), 80 кг вазнда контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Азизбек Кимсанов (Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ), +90 кг вазн тоифасида Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Абдулазиз Қудратов мутлоқ ғалабага эришди. Умумжамоа таркибида ғолибликни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ эгаллади.
“Армия биатлони”, “Тош кўтариш” ва “Ўқ отиш спорти” мусобақасида умумжамоа таркибида 1-ўринга Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, 2-ўринга Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ, 3-ўринга Шимоли-ғарбий ҳарбий округи жамоаси сазовор бўлди. Ғолиб ва совриндорларга диплом, кубок ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.

Капитан Азиз НОРҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти