Қўмондон Жиззах ёшлари билан учрашув ўтказди

13

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов ва туман ёшлари ўртасида “Қўмондон ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев ва тумандаги 20 дан ортиқ умумтаълим мактабларидан 250 га яқин ўқувчилар ва уюшмаган ёшлар иштирок этишди.

Қўмондон бугун Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси, муддатли ҳарбий хизматга бориш ва хизматда контракт асосида қолиш тартиби, олий ҳарбий таълим муассасалари, имтиёзлар, шунингдек юрт ҳимоячилари эришаётган ютуқлар юзасидан маълумотлар бериб ўтди.

Берилган ушбу маълумотлар ёшларнинг ҳарбий касбга ва олий ҳарбий таълим муассасаларига бўлган қизиқишларини янада оширди.

Шундан сўнг қўмондон ёшларнинг ҳарбий соҳадаги қизиқтирган саволларини тинглади ва ёшларни бўш вақтлари билан қизиқиб, уларга Давлатимиз раҳбари бошчилигида ёшлар учун катта имкониятлар яратилаётгани ва ҳар бир ёшни четда қолдирмай, уларни жисмонан бақувват ва ҳар томонлама етук инсон бўлиб етишишлари учун яратилаётган шароитлари тўғрисида тўхталиб, ёшларга самимий маслаҳатларини берди.

Қўмондон давра суҳбати жараёнида Мудофаа вазири кубоги учун ўтказилган “Ватанпарварлар” мусобақасида вилоят шаънини ҳимоя қилган туманнинг 20-умумтаълим мактабидаги “Темурбеклар” жамоасининг очколар ҳисобида 4 ўринни олгани хусусида алоҳида ўз фикрларини билдирди. Хусусан, Республика босқичида иштирок этишнинг ўзи ҳам туманнинг катта юутуғи эканлигини таъкидлаб, туман ёшларини кейинги йилги мусобақалар учун руҳлантирди.

Умуман олганда музокараларга бой тарзда ўтган учрашувда ёшларимиз ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олиб, ҳарбий округ қўмондони томонидан миллий армиямиз салоҳияти ва ундаги ўзгаришлар ҳақида айтган гаплари ёшларимиз қалбида Ватан ҳимояси учун янада қизиқишларини юксалтирди.

Тадбир якунида ёшларимизга Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят ва туман Кенгашларининг ёшлар учун бадиий адабиётлар тўплами ҳамда эсдалик совғалари улашилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати