Уруш фахрийларига юксак эҳтиром кўрсатилмоқда

35

Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмлардан бирининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари подполковник К. Намонов бошчилигида Тошкент вилояти ҳокими ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда Янгийўл тумани, Ниёзбоши маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Камол ота Рихсибоев хонадонига бориб, нуронийнинг ҳолидан хабар олишди.
Камол ота 1941 йил ҳарбий хизматга чақирилган. У Украина, Москва, Воронеж, Минск, Ленинград фронтларидаги жангларда қатнашиб, Беларусдаги жанглардан бирида чап оёғидан яраланган. Госпиталда даволангач, яна фронтга қайтиб, хизматни давом эттирди. 1945 йилда ғалаба билан ўз юртига эсон-омон қайтди. У суҳбат чоғида, “биз кўрган кунларни ҳеч ким кўрмасин, ҳаммага ғалаба муборак бўлсин, ҳеч қачон ҳеч қаерда уруш бўлмасин,” дея дуо қилди.

Шунингдек, қўмондонликнинг яна бир гуруҳ ўғлонлари майор Б. Жумабоев бошчилигида Янгийўл шаҳар ҳокими ва жамоат ташкилотлари иштирокида туманнинг Халқобод қўрғонида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳимжон ота Ражабов хонадонида бўлдилар. Ташрифда Янгийўл шаҳар ҳокими томонидан Раҳимжон отага Президент табриги ўқиб эшиттирилди ва совға-саломлар тантанали равишда тақдим этилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти