Самарқандлик беш нафар уруш фахрийсига Президент совғалари топширилди

66

Бугун, 6 май куни эрта тонгдан Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов Самарқанд вилоятида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиб, уларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам совғаларини танатанали равишда топширишди.

Жумладан, каттақўрғонлик Раҳмат Қобилов, нарпайлик Зият Бўронов, пастдарғомлик Парда Рўзиев, пайариқлик Маҳмадали Сиддиқов ҳамда ургутлик Бўрон Гадоевларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг уларга йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилиб, Президент совғалари топширилди.

Ҳарбий оркестр садолари остида ўтган тантаналарда меҳмонлар фашизм устидан ғалаба қозонишда муносиб ҳисса қўшган ва урушнинг азоб-уқубатини чеккан фахрийлар ўз совғаларини ҳам улашди.

– Бу биргина мени эмас, балки бутун ўзбек халқининг ғалабасидир. Чеккан заҳматимиз ортда қолди, ўйнаб-кулиб, тинчлигимизни асраб-авайлайдиган даврлар келди, – дейди пастдарғомлик уруш фахрийси Парда бобо Рўзиев.

Фахрийлар хонадонида вилоят маданият бўлими, ҳарбий оркестр жамоаси ва ҳаваркор ёшларнинг бадиий жамоалари томонидан концерт дастурлари намойиши байрам шодиёналарини давом эттирди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати