Шаҳрисабз автомобиль мактабида “очиқ эшиклар куни” ўтказилди

8

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Шаҳрисабз шаҳар автомобиль мактабида очиқ эшиклар куни тадбири ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаш раиси, вилоят ҳокимлиги гуруҳ раҳбари, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, Қарши ҳарбий прокурори, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Шаҳрисабз шаҳар Кенгаши раиси ва иттифоқ сардорлари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад, “Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, уларни бепул таълим олиш ва ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга бўлишларида кўмаклашишга қаратилган.

Тадбирда ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан қўл жанги чиқишлари, ҳарбий оркестр жамоаси ва ўқувчи-ёшларнинг бадиий чиқишлари, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят бошқармаси томонидан техник ва амалий спорт турлари намойиш этилди. Шунингдек, тадбир давомида иштирокчиларга ёшлар томонидан “Шараф ленталари” тақилди.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати