Олтинсойда хотира тадбири ўтказилди

35

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғиботига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.
9 майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад мужассам.
Тинчликни қадрлашга ва тинчликни асраш йўлида жон фидо этганларни хотирлашга бағишланган навбатдаги тадбир Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида бўлиб ўтди.
Унда Жанубий оператив қўмондонлиги, Хайробод гарнизони ҳарбий хизматчилари, Термиз ҳарбий прокуратураси, Олтинсой туман ҳокимлиги ва туман мудофаа ишлари бўлими, уруш қатнашчилари ва фахрий ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Бугун Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машшақат чеккан нуронийларнинг ҳам сафи сийраклашиб қолди. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг қадрига етиш бизнинг бурчимиздир.

– Мотамсаро она ҳайкали сиймосида даҳшатли урушда ҳалок бўлган фарзандлари ҳақида ўйлаб, нигоҳини бир нуқтага қадаганча ўтирган мушфиқ она, чуқур қайғуга ботган бўлса-да, руҳиятида матонат, мустаҳкам ирода акс этган аёл сиймоси акс этган, – дейди ҳарбий қисм командири подполковник Шохиджон Қодиров.
Маросимда иштирокчилар Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларни хотирладилар, ўтганлар руҳи ёдга олинди, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларга ҳурмат бажо келтирилди. Шундан сўнг уруш даврини акс эттирувчи саҳналаштирилган чиқишлар намойиш этилди ва ҳарбий оркестр томонидан жарангдор куйлар ижро этилиб, уруш фахрийларига ҳамда меҳмонларга дастурхон ёзилди.
– Яратган эгам бизни мана шундай дориломон кунларга етказганига шукур, – дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 97 ёшли Абдулла бобо Нормаматов.

III даражали сержант Акбар АХМЕДОВ, Термиз гарнизони