Фарғонада уруш фахрийларига Президент совғалари етказилмоқда

91

Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, ҳарбий хизматчилар, тарғибот жамоаси ҳамда Фарғона вилоят ҳокими Қува туманидаги Қайирма қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Эргаш ота Тошбоев хонадонида бўлишди. Ҳарбий оркестр ижросидаги тантанали куйлар, меҳмонларнинг очиқ чеҳра билан кириб келишлари отахон ва унинг оила аъзоларини севинтирди.

1942 йил май ойида урушга кетган ва Польша, Милавица, Украина ва Белоруссияда жанг қилган Эргаш ота кейинчалик савдо соҳасида фаолият олиб борган. 8 нафар фарзандни тарбиялаб, уйли-жойли қилди. Бугун эса невараю эваралари бағрида умр кечирмоқда.

Президент табригини эшитган ва эсдалик совғаларини олган отахоннинг бир қувончи ўн ҳиссага ортди. Унга 12 миллион сўм пул мукофоти тантарнали топширилди.

Қувончли кун тантаналари Эргаш отанинг тенгдоши қувалик Мўмин ота Тошматов хонадонида ҳам давом этди. 1925 йилда туғилган Мўмин ота 1942 йилда Қува туманидан урушга кетиб, қонли жангларда қатнашади. Тинчлик йўлидаги хизматлари сабаб унга 1994 йил 6 майда давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири “Жасорат” медали ҳам берилган.

– Биз доимо эътибор ва эъзоздамиз. Бундан жуда ҳурсандмиз. Давлатимизга, Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, – деди Мўмин ота Тошматов.

Вилоят ҳокими ва Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони отахонга Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва пул мукофоти, эсдалик совғаларини топширди.

Тошлоқ туманидаги “Қумқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи уруш қатнашчиси Рустам ота Акбаров ҳам бугун туман аҳлининг фахрига айланган. 95 ёшли отахоннининг ҳовлиси меҳмонлар билан гавжум.

Отахон эндигина 18 ёшга тўлганда урушга кетгани, кўрган кулфат ва мусибатлари ҳақида ёшларга тез-тез ҳикоя қилиб беради. Айниқса, дориламон кунларда, фароғатда ҳаёт кечираётган Рустам ота тинчлик деган улуғ неъматнинг қадрига етмоқликни қайта-қайта таъкидлайди. Ўғил-қизларни тинч замонларда ўқиб-ўрганишга, меҳнат қилишга ундайди.

5 ўғил, 4 қизни камол топтирган, 70 невара, 60 чевара, 30 нафардан ортиқ эваралар ардоғида, халқимиз эъзоз-у ҳурматида отахон ҳозир.

Марғилонлик Акрамжон ота Ҳакимов ҳам бошқа тенгдошлари қатори Иккинчи жаҳон уруши йилларида Курск, Украина, Одесса жангларида қатнашди. У Берлингача бўлган урушларда иштирок этиб, кўкси тўла орден ва медаллар билан қайтади. Бироқ урушнинг азоб-уқубатлари бир умр унинг ёдида муҳрланиб қолди ва бу ҳақида гапириб, ёшларни тинчликка, шукроналик билан яшашга ундаш отахоннинг ҳаёт мазмунига айланган.

“Биз кўрган кунларни, урушларни ҳеч ким кўрмасин. Қанчадан-қанча ватандошларимиз жанглардан қайтмаган. Юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз омон бўлсин. Бизни эъзозлаётган ёшларимизга раҳмат”, – дейишди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари.

Тантанали тадбирлар давомида уларга ҳам вилоят раҳбари томонидан Президент табриги ўқиб эшиттирилиб, байрам совғалари топширилди.

Олтиариқ тумани Оқбўйра қишлоғида яшовчи 96 ёшли Тўланбой ота Шокиров ҳам меҳмонларни кўриб қувонди. Салкам бир аср билан юзлашган отахон ҳазил-мутойибалар қилиб, қўшиқ айтиб, барчанинг юзига табассум улашди. Унга Ички ишлар вазирлигининг ҳам пул мукофотлари берилди.

Фарғона шаҳрида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари Татьяна Усмонова ҳамда Қурбон Сатторовлар билан ҳам дилдан суҳбатлашилди. Улар эътибордан мамнун эканликларини айтиб ўтдилар.

Шу куни Фарғона туманида яшовчи 1926 йилда туғилган Ориф ота Мўминов ҳолидан ҳам хабар олиниб, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги билан мубаракбод этилди. Президент табриги ва эсдалик совғалари уларга кўрсатилаётган иззат-икромнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Тадбир иштирокчилари Марғилон шаҳридаги “Йўрмадўз” маҳалласида яшаган, 2000 йил август ойида Сурхондарё вилоятининг Узун туманида босқинчи тўдаларга қарши кечган жанговар ҳаракатларда хизмат бурчини адо этиш чоғида мардларча ҳалок бўлган Бобуржон Ғаниев хонадонида ҳам бўлдилар. Меҳмонларни Бобуржоннинг онаси Мунаввархон Ғаниева кутиб олди.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уйингизга келдик. Чунки юрт тинчлиги учун жон фидо қилган инсонлар хотираси доимо ёдимизда бўлади, – дея таъкидлади вилоят раҳбари.

Мунаввархон Ғаниева 1977 йилда таваллуд топган ўғли Бобуржоннинг умр йўли, эришган ютуқлари, юртга садоқати тўғрисида сўзлаб берди.

Онахонга Мудофаа вазирлигининг пул мукофотлари, вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари берилди.

Шу куни Фарғона шаҳридаги Дилшод Асанов хонадонига ҳам борилди. Дилшод Асанов ҳам Сурхондарё вилояти тоғли ҳудудларидаги чегараларимиз орқали юртимизга суқилиб кириш ниятидаги босқинчи тўдалар билан бўлиб ўтган жанг чоғида, 25 ёшида ҳалок бўлган. Бироқ унинг фидойилиги, ватанпарварлиги доимо ёшларга ўрнак ва намуна бўлиб келмоқда.

Чунки саодатли кунларимиз, осойишта ҳаётимизни таъминлашда Бобур Ғаниев ҳамда Дилшод Асанов каби мард ва жасур ўғлонларнинг ҳиссаси катта.
Меҳмонлар Дилшод Асановнинг онаси Холидахон ая билан мана шулар ҳақида суҳбатлашдилар.

Хонадон эгаларига пул мукофотлари ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати