Сенатор ва қўмондон каттақўрғонлик уруш фахрийсига Президент совғасини топширди

24

Самарқанд вилоятида айни дамда 26 нафар уруш қатнашчиси ва 1 нафар фронт орти меҳнат фахрийси тинч ва фаровон юртимизга ҳеч бир кўз тегмаслигини тилаб қарилик гаштини суриб келишмоқда

Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи 96 баҳорни қарши олган Райим бобо Юсупов шулар жумласидандир.

У кишини 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан қутлаш мақсадида Олий Мажлис сенати аъзоси, сенатор Гавҳар Алимова, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов, Каттақўрғон туман ҳокими Жамшид Насриддинов бошчилигида фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда ёшлар бобонинг хонадонида бўлишди.

Учрашувда дастлаб сенатор Гавҳар Алимова Президентимизнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан уларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ 12 миллион сўм миқдордаги бир марталик пул мукофоти ва эсдалик совғалари, Марказий ҳарбий округ қўмондони, туман ҳокими, мудофаа ишлар бўлими, каттақўрғон гарнизони ҳарбийлари ва хонадонга ташриф буюрган бир гуруҳ меҳмонларнинг совғалари тантанали равишда топширилди.

Уруш даврида фашистларга қарши Берлингача жанг қилиб борган Райим бобо бугунги дориломон кунлар учун шукроналар айтиб, этибори учун беҳад миннатдор эканлигини қўлларини дуога очиб билдирди.

Шу куни байрам шодиёнасини кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида ўқувчи ёшларнинг Райим бобо учун аталган шеърлари ўқиб эшиттирилди ва Каттақўрғон гарнизони ҳарбий оркестр жамоасининг уруш даврини эслатувчи куй-қўшиқлари жамланган концерт дастури намойиш этилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати