Уруш фахрийлари маҳалласида байрам

19

Шайхонтоҳур тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев, Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи полковник Баҳром Қосимов, Шайхонтоҳур тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи подполковник Шуҳрат Холбоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Ҳакимов, ҳарбий оркестр, Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги бадиий гуруҳи, Миллий гвардия ходимлари, маҳалла фаоллари ва ёшлар бир йўла уч нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонига байрам кайфиятини олиб кирди.
Жумладан, туманнинг «Катта ҳовуз» маҳалласида кексалик гаштини сураётган 97 ёшли Асқар бобо Жўраевга эҳтиром кўрсатилиб, Марат Ҳакимов, ҳарбий оркестр ҳамда Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги бадиий гуруҳи томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.
– 1944 йил охирида бизни захира фронти учун мўлжалланган ҳарбий қисмлардан бирига, Семипалатинск шаҳрига олиб келишди. Қаҳратон қишнинг совуғига чидаб бўлмасди. Бўлинмамиздаги тўртта жангчи келишиб, дивизия командири бўлмиш полковникдан фронтга жўнатишини илтимос қилдик. Бизни Москвага, навбатдаги ҳарбий қисмга жўнатишди. Ниҳоят, Польшани озод қилишда муҳим аҳамият касб этган Висла-Одер операцияси учун кечган жангларда қатнашдик. Ғалабани Берлинда кутиб олиш насиб этди…
Асқар бобо 1950 йилга қадар махсус қўшин таркибида Германияда хизматни давом эттирган. Жангларда кўрсатган жасорати учун II даражали «Ватан уруши» ордени ва кўплаб медаллар билан тақдирланган. Урушдан кейин «Шарқ» матбаа-нашриётида узоқ йиллар давомида меҳнат қилган. Нуроний отахон меҳмонларга бошидан кечган оғир кунларни хўрсиниш билан гапириб берар экан, ҳеч қачон уруш бўлмасин, дея кўзларига ёш олди.
Шундан сўнг тадбир ташкилотчилари Президентимиз томонидан таъсис этилган совға-саломлар билан туманнинг «Янгишаҳар» МФЙ, Шарофутдинов кўчаси, 7-уйда истиқомат қилаётган Мақсуд ота хонадонига кириб боришди.

Машҳур педагог, ўзбек «Алифбо»си муаллифи, социалистик меҳнат қаҳрамони Оқилхон Шарофутдиновнинг фарзанди Мақсуд Оқилов 1944 йил мактабни тугатиб, кўнгилли сифатида фронтга отланган. Самарқандда уч ой артиллерия курсларида тайёргарлик кўрган. Ўзидан аввал урушга кетган учта акаси тақдири ва босқинчиларга қарши кураш иштиёқида ёнган навқирон йигит артиллерия курсидаги қуролдошлари билан биргаликда фронтга жўнатилаётган пиёда қўшинлари таркибида урушга кетишга ариза ёзган. Тошкентдан йўлга чиққан эшелон 29 кун деганда Оддессага етиб борган ва қаҳрамонимиз Украина, Руминия, Югославия, Чехославакияни фашист босқинчиларидан озод қилишдаги хизматлари учун II даражали «Ватан уруши» ордени ва кўплаб медаллар билан тақдирланган. 1946 йил жонажон юртига қайтиб, узоқ йиллар давомида ветеринария врачи сифатида фаолият олиб борган. Турмуш ўртоғи Мўътабар ая билан бир ўғил ва икки қизни вояга етказишди. Мақсуд отанинг ўғли Саидодил аканинг айтишича, 1919 йилда туғилган амакиси Орифхон Оқилов уруш бошланишидан 12 кун олдин ҳарбий хизматга чақирилган. Ҳарбий врач сифатида Белоруссия фронтининг 1-армияси, 415-ўқчи дивизияси, 1323-ўқчи полкида хизмат қилган катта лейтенант Орифхон Оқилов I ва II даражали «Ватан уруши», «Қизил юлдуз» орденлари билан тақдирланиб, 1946 йил Тошкентга қайтиб келган. Ўртанча амакиси Ахрорхон Оқилов эса Сталинград жангларида бедарак кетган. Яна бир амакиси Анвархон Оқилов ҳам жангоҳлардан омон қайтган.

– Уруш бошлангандан кейин Москва яқинидаги Домодедово шаҳрига эвакуация қилинганман, – дея эслайди 1927 йил Тверь вилоятида туғилган Владимир Кузнецов. – 15-17 ёшли йигитлардан тузилган гуруҳимиз 14 соат заводда ишлаш билан биргаликда махсус командирлар назоратида сапёрлик ва мерганлик машғулотларида қатнашардик. 1944 йил бошида Америкадан келтирилган тўрт пулемётли зирҳли машинани бошқариш, ундан отишни ўргата бошлашди. Бу пайтга келиб жангчиларимиз Смоленскни фашист босқинчиларидан озод қилиб, Белоруссияга яқинлашиб қолганди. 17 ёшимда ниҳоят, танк дивизияси таркибида «Багратион» операциясида қатнашдим. Бир ойдан сал кўпроқ вақт давомида қўшинларимиз немисларга қақшатқич зарба берди. Бизнинг полкимизга парокандага учраб, ортга чекинаётган душман кучларини йўқ қилиш топшириғи берилди. Немис эшелонларини танклар ва ўзиюрар артиллерия қурилмалари ёрдамида ўққа тутардик. Ана шу жангларнинг бирида қаттиқ яраландим ва контузияга учрадим. Анча вақт госпиталда даволаниб, захирадаги танк дивизиясига ўтказилдим. Дивизиямиз ғалабагача Белоруссияда турди. Шу вақт давомида мен сапёрлар гуруҳида миналаштирилган ҳудудларни миналардан тозалаш бўйича топшириқларни бажариб юрдим. 1950 йил ҳарбий хизматдан бўшатилиб, Тверга қайтдим. Тошкентга 1966 йил зилзила талафотларини бартараф этиш мақсадида кўнгилли бўлиб келиб қолганман.
Владимир Кузнецовни табриклаш тадбири маҳалла миқёсидаги умумхалқ байрамига айланиб кетди. Уруш фахрийсининг маҳалладошлари Марат Ҳакимов, ҳарбий оркестр ҳамда Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги бадиий гуруҳи томонидан ижро этилган куй-қўшиқларга жўр овоз бўлган ҳолда ўйин-кулги иштирокчиларига айландилар. Президент номидан берилган совға-саломларни қабул қилиб олган Владимир Кузнецов эса худди ёш йигитлардек рақсга тушди.
Тадбир ташкилотчилари ҳар учала уруш фахрийсига 12 миллиондан пул, «Шон-шараф» музейи гумбази устига ўрнатилган ўзбек қаҳрамонларининг ҳайкали тасвирланган эсдалик совғаси топшириб, давлатимиз раҳбарининг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирдилар.

Асрор РЎЗИБОЕВ, Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти