Элу юрт ардоғида

16

Бу йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабага 76 йил тўлди. Ушбу урушда мардонавор курашиб, ғалаба ва шон-шараф билан қайтган отахону онахонларимиз ҳам табаррук ёшда, элу юрт ардоғидалар.
Улар орасида Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи истеъфодаги генерал-майор Абдуллажон Ортиқбоев ҳам бор. 1925 йилда туғилган қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи Шаҳзода ая билан 73 йилдан буён умргузаронлик қилиб келяпти. У урушдан кейин турли ҳарбий қисм ва муассасаларда кичик лейтенант унвонидан то геренал-майор даражасигача бўлган йўлни босиб ўтди. Ҳарбий хизмат даврида 20 дан ортиқ турли лавозимларга тайинланганида ҳам умр йўлдоши доим унинг ёнида бўлди. Жанг-жадаллар даҳшатини бевосита кўрган отахон бугун фарзанду набиралари, эвараю чеваралари ва элимиз эътиборида.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, туман ҳокимлиги ва мудофаа ишлари бўлими мутасаддилари, маҳалла фаоллари ана шу нуроний уруш қатнашчисининг ҳолидан хабар олиб, Президент табриги ва совғаси ҳамда Президент фармони билан берилган пул мукофотини топширди. Абдулла бобони йўқлов шу билан якунланмади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Ҳакимов ва ҳарбий оркестр хонандаю созандалари ижро этган куй-қўшиқлар беихтиёр дилларни хушнуд этди.
Байрамона кайфиятнинг кейинги манзили Яшнобод туманидаги Яшнобод маҳалласида истиқомат қилаётган Алла Фунтикованинг хонадони бўлди. У Иккинчи жаҳон урушида фашистлар концлагерида туғилган. 1945 йили концлагер тутқунлари озод этилгач, украин қизининг тақдири меҳрибон ва саховатпеша ўзбек халқи билан боғланган. Айни гўдаклик ва болалик чоғлари ғаним истилосига тўғри келган Алла Семёновнанинг ота-онаси, ака-укасини аччиқ қисмат ҳаётнинг турфа чорраҳаларига улоқтирган. Шу тариқа уруш даҳшати оила аъзолари, яқинларининг меҳрини ҳис этишга йўл бермаган.
Урушдан сўнг етим болаларни ўз бағрига олган халқимиз ҳозирги кунда ҳам уларни ёлғизлатиб қўяётгани йўқ. Бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, жамоатчилик вакиллари ва ҳарбий оркестрнинг ташрифидан онахоннинг кўнгли тоғдек кўтарилди, кўзи ёшланди. Президент табриги ва совғаси ҳамда 12 миллион сўмлик пул мукофотини қабул қилиб олар экан, дилидаги барча эзгу тилаклар билан меҳмонлари орқали бутун халқимизга миннатдорлик билдирди.

Лейтенант Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти