Шонли ўтмишни авлодларга етказиш йўлида ташланган муҳим қадам

8

Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Шунинг учун Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб ватандошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш миллий қадриятимизнинг намунасидир.
Ўз фаолиятини бошлаганига бир йил бўлган пойтахтимиздаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасини эндиликда Хотира ва қадрлаш куни – умумхалқ байрамининг тимсоли, дея эътироф эта оламиз. Минглаб ватандошларимизнинг жанггоҳлардаги қаҳрамонлиги ва халқимизнинг бағрикенглигини ўзида ифода эта олган ушбу мажмуа юртдошларимизнинг севимли масканига айланди. Бошқа халқлар билан фашизмга қарши елкама-елка туриб курашган ота-боболаримиз хотирасини абадийлаштириш йўлида амалга оширилаётган бу ишлар халқаро даражада қулоч ёймоқда.
«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида ташкиллаштирилган «Марказий Осиё халқлари тарихи ва хотирасида Иккинчи жаҳон уруши: воқеалар, иштирокчилар ҳамда рамзлар» мавзусидаги халқаро онлайн илмий-амалий конференция бунинг исботидир.
«Шон-шараф» музейи мажлислар залида бўлиб ўтган илмий-амалий конференцияда мудофаа вазири ўринбосари Ҳамдам Қаршиев, Беларусь Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларининг Ўзбекистондаги элчилари Марказий Осиё давлатларининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақидаги маърузалари билан чиқиш қилдилар. Халқаро илмий-амалий конференциянинг иккинчи қисми Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, АҚШ, Беларусь Республикаси, Польша, Россия Федерацияси, Хитой каби давлатларнинг тарихчи олимлари ва мутахассисларнинг илмий маърузаларига бағишланди.

Унда бедарак кетган уруш қатнашчилари, шунингдек, ҳамюртларимиз томонидан кўрсатилган жасоратлар ҳақидаги асосланган маълумотларни аниқлаш, олиб борилаётган илмий тадқиқотларни ҳамжиҳатликда ўрганиш натижасида бир қанча қаҳрамонларнинг тақдирига ойдинлик киритилганлиги эътироф этилди. Россия Федерацияси кўнгилли қидирув гуруҳлари билан ҳамкорлик қилаётган Татьяна Дубовик «Шон-шараф» музейига қимматли экспонатларни топшириши тадбирнинг энг ҳаяжонли дақиқаларидан бири бўлди. «Ўзбекистон хотира китоби» интернет лойиҳаси асосчиси, «Ташпоиск» қидирув гуруҳи раҳбари Татьяна Дубовик термизлик дугонаси Адела Гасанова билан биргаликда 2017 йилдан буён кўплаб ўзбекистонлик жангчиларнинг номаълум тақдирини ўрганиш борасида фаолият кўрсатиб келишади.
Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Марказий Осиё халқаро институти ҳамкорлигида ташкиллаштирилган тадбирда ташкилотчилар қатор ютуқларга эришганини эътироф этиш мумкин. Қардош халқлар билан мазкур масалада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш – бугунги кунимиз учун жонини фидо қилган қаҳрамонлар хотирасини, жанггоҳлардан омон қайтганларнинг шонли ўтмишини авлодлардан-авлодларга етказиш йўлида ташланган яна бир муҳим қадамдир.
Чунки хотира қалбларга жо бўлган ёдгорликдир. Шундай экан, аждодларимиз қолдирган ва қалбларимизда жо бўлган ушбу ёдгорликни авайлаб асраш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Асрор РЎЗИБОЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти