«Ғалаба боғи»да Олий Мажлис Сенати аъзолари иштирокида семинар

8

«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси таркибидаги «Шон-шараф» давлат музейида «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни эъзозлаш – Ўзбекистон Республикаси ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири» мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурханов, сенаторлар, мудофаа вазири ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев, Қуролли Кучлар академияси ва Ички ишлар академияси курсантлари, Қуролли Кучлар академияси профессор ўқитувчилари, Зулфия Зокированинг эвараси Фарҳод Мамажонов ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари «Матонат мадҳияси» ёдгорлик монументи пойига гулчамбар қўйиб, Зулфия Зокирова ҳамда унинг келинларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатишди.
Семинарда сўзга чиққанлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни эъзозлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг устувор йўналиши даражасига кўтарилиб, бу борада олиб борилаётган илмий изланишлар натижасида тарихий маълумотларга ойдинлик киритилаётганини айтиб ўтдилар. Аниқланишича, урушдан олдин қатағонга учраб, бошқа ўлкаларга сургун қилинган 59 мингдан ортиқ ватандошларимиз ҳам жанг майдонларига юборилгани, ҳалок бўлганлар сони 396 минг эмас, 538 минг киши эканлиги, 158 мингдан ортиқ ўзбекистонлик жангчи бедарак кетганлиги ҳақидаги янги маълумотлар келтирилди.

Шунингдек, орден ва медаллар билан тақдирланган ўзбекистонлик жангчиларнинг 200 мингдан ортиқ эканлиги аниқланди. Илгари бу рақам 120 мингни ташкил этарди. Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлганлар сони 301 нафар кишини ташкил этишига аниқлик киритилди. Мамлакатимиз ва халқаро миқёсда олиб борилаётган изланишлар натижасида тарихий ҳақиқатлар юзага чиқаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Семинар давомида уруш қатнашчиларини эъзозлаш, уларга ҳурмат бажо келтириш ва ижтимоий таъминотини яхшилаш борасида қилинаётган ишлар ҳам эътироф этилиб, давлат миқёсида кўрсатилаётган ғамхўрликлар уларга кўрсатилаётган эътиборнинг камтарона намунаси дея баҳоланди.

Асрор РЎЗИБОЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти