Ижодга ошно тутинган собиқ ҳарбий шифокор

8

Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси бир гуруҳ офицерлари ва курсантлари 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Қуролли Кучлар фахрийси, истеъфодаги тиббий хизмат подполковниги Искандар Раҳмон хонадонига йўқлаб боришди.
Искандар Раҳмон 1937 йил 20 октябрда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси) да таҳсил олган. Қуролли Кучлар фахрийси, истеъфодаги тиббий хизмат подполковниги, соғлиқни сақлаш аълочиси, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари аъзоси, Турон Фанлар академияси академиги.
Унинг она Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги 30 дан зиёд назмий ва насрий асарлари эълон қилинган, 50 дан ортиқ шеърлари таниқли хонандалар, ҳарбий хизматчилар, ижодий гуруҳлар томонидан ижро этилиб, санъатсевар халқимиз маънавий мулкига айланган.

Суҳбат жараёнида Искандар Раҳмон ўзининг теран ва нурли ҳаёт йўли ҳақида ёш авлодга яна бир бор сўзлаб берди. Ёш авлод вакиллари бўлмиш Ҳарбий тиббиёт факультети курсантлари томонидан ҳам Искандар Раҳмоннинг китоблари, ундаги воқеалар ва асар қаҳрамонларига бағишланган ва ўз қаламига мансуб бўлган шеърларидан ўқиб беришди. Бундай ҳодисалардан қувонган устоз ўз ижод маҳсулидан бири-биридан аъло бўлган китобларини курсантларга ҳамда Ҳарбий тиббиёт факультети жамоасига туҳфа қилди.
Хайрлашув чоғи нуроний отахон эл-юртга тинчлик, халқнинг фаровонлиги ҳамда ҳарбийларга эса зафарлар ёр бўлишини тилаб дуо қилди.

Подполковник Ренат ФАТХУДДИНОВ