Ҳар қанча ардоқласак кам

9

Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган ҳамюртларимизнинг номи тинчлик аталмиш бебаҳо неъматдан баҳраманд бўлаётган авлодлар қалбида мангу яшайди.

Уйчи туманининг Гулбоғ МФЙда яшовчи, юз билан юзлашган Мадамин ота Абдуллаев ҳарбий хизматдан уруш тугагач, бир йилдан сўнг кўкси тўла орден-медаллар билан қайтди. Оила қурди. Хонадонида бирин-кетин олти нафар фарзанд дунёга келди. Бу тақдирнинг Мадамин ота кўрган-кечирган изтироблари-ю машаққатлари эвазига берган туҳфаси бўлса, не ажаб. Отахон бор умрини фарзандлар тарбияси, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга сафарбар этди.

Бугун у киши нафақат фарзандлар, невара-чеваралар, балки бутун Гулбоғ маҳалласи аҳлининг ардоғида. У кишини кўргани, дуосини олгани келувчиларнинг сафи узилмайди. Дориломон кунларга шукроналар айтиб, отахон дуога қўл очади. Мадамин ота ўтган асрнинг ўша мудҳиш дамларига тирик гувоҳ. Аммо ўша машъум кунларни асло унутмайди. Оила аъзолари, набиралари тўпланишса, суратлар, эсдаликлар ва табрикларни кўриб, завқ олишади ва шундай отанинг зурриёти эканликларидан фахрланишади. Жондан азиз набиралари эса шеърлар айтиб, отахонни мамнун қилишади.

Отахоннинг хонадонига бугун ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва вилоят ҳокими ташриф буюриб, Президентнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди, пул ва бошқа мукофотлар, қимматбаҳо совғаларни топширди.

Кўрсатилган эътибор ва эъзоздан мамнун бўлган отахон дуога қўл очиб, миннатдорчилик билдирди.

Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати