Жиззахлик Холмат бобо Шариповга Президент совғалари топширилди

54

Жиззах вилоятида ҳозирги кунда 17 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси невара ва эваралари бағрида тинч фаровон юртимизга ҳеч бир кўз тегмаслигини тилаб, умр гузаронлик қилиб келмоқда. Жиззах шаҳри Қассоблик МФЙда истиқомат қилувчи 98 ёшли уруш фахрийси Холмат бобо Шарипов шулар жумласидандир.

У кишини 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан қутлаш мақсадида Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмурод, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги масъул офицерлари, Жиззах ҳарбий прокуратураси вакиллари ва бир қатор сектор раҳбарлари, ҳарбий хизматчилар ҳамда ёшлар йўқлашди.

Учрашувда дастлаб шаҳар ҳокими Комил Холмуродов Президентимизнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан уларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ 12 миллион сўм миқдордаги бир марталик пул мукофоти ва эсдалик совғалари, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, туман ҳокими ва хонадонга ташриф буюрган меҳмонларнинг совғалари тантанали равишда топширилди.

Белоруссия ва Польшанинг бир қатор шаҳар ва қишлоқларини босқинчилардан озод этишда иштирок этиб, Берлингача борган Холмат бобо ҳаёт-мамот жанглари ҳақида сўзлар экан, бугунги дориломон кунларга етказганига шукроналар айтиб, Президентимизнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатаётган ғамхўрлиги ва эътибори учун беҳад миннатдор эканлигини қўларини дуога очиб билдирди.

Шу куни урушда матонат кўрсатган ҳамюртларимизга эҳтиром рамзи сифатида “Шараф лентаси” тарқатилди ва Жиззах гарнизони ҳарбий оркестр жамоаси тамонидан уруш даврини эслатувчи куй-қўшиқлар ижро этилиб, бобони ва меҳмонларни ғалаба нашидасини суришга чорлади.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати