Хотира кафтида, қадр қароғида улар

23

Иккинчи жаҳон урушининг ғалаба билан якунланганига 76 йил бўляпти. Ҳамон даҳшатли муҳораба силсиласи миллионлаб инсонларнинг ҳаётидан, юрагидан кетган эмас. Жангоҳларда жон берган қаҳрамон жангчилар, фронт ортидаги оғир меҳнат, очарчилик, қаҳатчилик сабаб ёруғ кунларга ета олмаган ёшу кекса… Буларни унутиш мумкинми!?
Ҳа, буларни унутиш осон эмас. Ўтганларни хотирлаш, тирикларнинг қадрига етиш авлодлар олдида турган муқаддас бурчдир.
Қуролли Кучлар давлат музейида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уч авлод учрашуви бўлиб ўтди. Ҳарбий хизматчилар ва курсантлар иштирок этган тадбирда истеъфодаги полковниклар Мусаллим Нуриддинов, Зоҳиджон Аҳмадхўжаев иштирок этди.
Шунингдек, музей экспозициясида қаҳрамонликлари ёритилган генерал-лейтенант Собиржон Охунжоновнинг ўғли истеъфодаги полковник Нўъмонжон Охунжонов, жияни истеъфодаги полковник Ҳусан Зуфаров, генерал-майор Карим Каримовнинг қизи Саида Каримова, набираси Алишер Каримов, Иккинчи жаҳон уруши гвардиячи сержанти Ғиёс Ҳакимовнинг ўғли Марат Ҳакимов ва қизи Ноила Рисқиевалар ўз хотиралари билан тадбир иштирокчиларига қизиқарли маълумотлар етказишди.

Уч авлод учрашуви қадрли инсонлар зиёратига уланди. Қуролли Кучлар академияси тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими офицери подполковник Алимардон Ўтапўлатов, курсантлар Ғанишер Юнусов, Сардор Омонбоев, Қуролли Кучлар давлат музейи ходимлари Маҳмуда Ишхаджаева ва Зуҳра Аъзимова ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари совға-саломлар ила генерал-майор Абдулла Ортиқбоев хонадонида бўлишди.
96 ёшли табаррук отахон билан бўлган дилкаш суҳбат, унутилмас хотиралар дилларда ёрқин из қолдирди.

Зулфия ЮНУСОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти