Ўн уч ёшида «полк қизи» «унвони»ни олган Валентина Мясникова

70

Мудофаа вазирлиги спорт маркази спортчилари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Валентина Мясникованинг ҳолидан хабар олишди. Улар қаҳрамонимизга аталган совғаларни беришганидан кейин, 13 ёшли қизнинг уруш ўчоғига қай тарзда тушиб қолганлиги ҳақидаги хотираларини диққат билан тинглашди.

Москвада туғилган Мясникова урушнинг биринчи кунлариданоқ синфдошлари билан биргаликда касалхонада ярадорларга ёрдам бериб юрди. 1942 йил январ ойида Москва яқинидаги жангларда вафот этган катта акасининг дафн маросими бўлиб ўтган пайтларда Валентина 13 ёшида эди. Акасининг вафоти унга ҳеч тинчлик бермади ва ёш қиз фронтга кетишга қарор қилди.

– Мен онамга айтмасдан яширинча чиқиб кетдим, – деб эслайди Валентина Мясникова. – Уйимиз ёнидан ўтиб кетаётган поездга ўтирдим, қўмондонни ёшим 15да деб алдадим, акам вафот этди, отам эса фронтда жанг қилмоқда. Бундай ҳолатда мен уйда ўтиролмайман, – дедим. Шундан сўнг 1309-танкка қарши артиллерия полкининг командири «қулоқсиз қизга» тиббий бўлимда ҳамшираларга бинтларни стерилизация қилиш ҳамда ярадорларни боғлашда ёрдамчи бўлиб юришига рухсат берди.
Полкдагилар Мясниковани эркалаб, «полк қизи» деб чақиришарди. Кейинчалик қизиқувчан ва қайсар “полк қизи” ҳарбий алоқа оператори касбини ҳам ўзлаштирди ва полкнинг бошқа ҳарбий қисмлар билан алоқасини таъминлади.

Мясникова полк билан биргаликда Смоленск вилояти ва Белорусиядан ўтди. 1944 йилда Валентинани маршал Константин Рокоссовскийнинг талабига биноан Москвага қайтаришади. 1-Белоруссия фронтининг бош қўмондони шахсий учрашув пайтида Валентинага унинг онаси Мудофаа Халқ Комиссарлиги орқали сўровлар юборганини айтиб, уни уйига жўнатишади. 2-даражали Улуг Ватан уруши ордени билан мукофотланган Валентина Николаевна педагогика университетига ўқишга қабул қилинади.

1949 йилда, педагогика университетида ўқишни тугатгандан сўнг, Мясникова турмуш ўртоғи Совет Иттифоқи Қаҳрамони, танк ротаси командири, катта лейтенант Алексей Голубенко билан Ўзбекистонга кўчиб келади ва узоқ йиллик умрини ёшларга таълим беришга бағишлайди.

Ёш қаҳрамоннинг кўрсатган жасоратини акс эттирган ҳикоя, очерк ва мақолалар ёзилди. Худди шундай ҳикоялардан бири 1983 йилда Тошкентда болалар ёзувчиси Андрей Жариковнинг Валентина Мясникова ва унинг дўстларига бағишланган «Звезды не гаснут» («Юлдузлар сўнмайди») китоби нашр этилди. Унда ёш Валентинанинг бошдан кечирганлари ҳикоя тарзида баён этилган.

– 9 май Хотира ва қадрлаш куни арафасида биз Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларининг ҳолидан хабар олишни ўзимиз учун анъанага айлантирганмиз. Албатта уларнинг хотираларини тинглаш, улар кўрган қийинчиликларни эшитганимизда кўзимизга ёш келади. Аслида ватанпарварликни ўша одамлардан ўрганишимиз керак, деб ўйлайман. Улардан биз спортчи сифатида, ҳарбий сифатида жаҳон ареналарида Ватан шарафини ҳимоя қилишни ўрганишимиз керак. Келажакда фақат байрам ёки бошқа тадбирлар доирасида эмас, бошқа кунларда ҳам уларнинг хотираларини эшитиб, қўллаб-қувватлаб туришимиз керак. Валентина Мясникова ёшлари 92 да экан, юришга ҳам қийналади. Биз ёшлар агарда уларга қарашиб турсак, ҳам уларга фойда, ҳам бизга мотивация бўлади, – дейди таэквондо бўйича жаҳон чемпиони, лейтенант Дмитрий Шокин.

Шерзод ШАРИПОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти