Ҳоким ва ҳарбийлар уруш фахрийларини йўқлашди

11

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллигига муносиб тайёргарлик кўриш ҳамда уруш ва фронт орти қатнашчиларини ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қилаётган уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, уларга ғамхўрлик қилиш мақсадида Шарқий ҳарбий округ қўшинларида ҳам қатор маданий-маърифий тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари ҳарбий хизматчилари Қўқон шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари билан биргаликда Қўқон шаҳар, Алиназар ота кўчаси, 33-уйда истиқомат қиладиган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Каримжон ота Раҳимов ва шаҳардаги Тўққизбулоқ кўчаси, 8-уйда яшовчи Усмонжон ота Раҳимов хонадонларида бўлишиб, нуронийлар ҳолидан хабар олишди.

Каримжон ота фронтда умумқўшин бўлинмасида пулемётчи бўлиб хизмат қилган. Усмонжон ота эса артиллериячилар сафида жанг қилди. Меҳмонлар урушнинг энг қайноқ жабҳаларида жон олиб-жон беришган қаҳрамонларимиз билан суронли даврлар ҳақида мароқли суҳбат қурдилар. Учрашувда фахрийларга Президентимиз фармонига биноан белгиланган 12 миллион сўмлик бир марталик пул мукофотлари тантанали топширилди. Шунингдек, Президентимизнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан уларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Йўқловдан кўнгиллари тоғдек кўтарилган нуроний фахрийлар қўлларини дуога очиб, юртимизда тинчлик барқарор, мамлакатимиз обод ва халқимиз фаровон ҳаёт кечиришини тиладилар.

Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати