Мен ҳам ҳарбий бўламан!

12

Бугун Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шарт-шароит ва қулайликлар, имтиёзларга гувоҳ бўлаётган ҳар бир ёшнинг қалбидан айнан шу сўзлар кечиши табиий, албатта.
Ёшларни ҳарбий соҳа билан яқиндан таништириш, эртамиз эгаларининг илк ҳарбий кўникмаларини шакллантиришда эса, юрт ҳимоячилари томонидан ташкиллаштирилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари ва мулоқотлар муҳим ўрин тутмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Навоий шаҳрида жойлашган бўлинмаси тарғибот гуруҳи томонидан ўтказилди. Ҳарбийлар шаҳардаги 10-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, 30 га яқин юқори синф ўқувчилари билан суҳбатлашдилар.

Мазкур жараёнда ҳарбийлик касбининг нуфузи, шарафи ва масъулияти хусусида сўз юритилиб, Ватан ҳимояси ҳар бир фидойи ўғлоннинг бурчи экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, жанговар хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган юрт посбонлари ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Ўтказилган тадбир касб танлаш остонасида турган ёшларнинг ҳарбийликка бўлган қизиқишини янада оширди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати