Тайлоқда ватанпарварлик фестивали ўзгача ташкил этилди

10

Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги Самарқанд гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, Тайлоқ туман ҳокимлиги ҳамда мудофаа ишлари бўлими ҳамкорликда туман маркази ва ҳудуддаги 2-сонли касб ҳунарга ўқитиш марказида ватанпарварлик фестивали ташкил этди.

Фестиваль доирасида аҳоли ва ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида иштирок этувчилар ўртасида ҳунармандчилик, рассомчилик, шеърият ва китобхонлик танловлари ҳамда спорт мусобақалари ўтказилди. Бундан ташқари, аҳоли ва ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик руҳини ошириш мақсадида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди.

Самарқанд гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестр жамоаси ҳамда маҳаллий санъаткорлар томонидан Ватанга муҳаббатни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар ижро этилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари йиғилганларга алоҳида завқ улашган бўлса, ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушида ҳамда фронт ортида кўрсатган жасоратлари ҳамда буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссаларини акс эттирувчи саҳна кўриниши ёшларни аждодларга муносиб авлод бўлишга ва миллий ғурури юксалишига ундади.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати